Футбол ишқибозлари «Нефтчи»нинг бугунги муваффақиятлари, ғолибона қадамлари Фарғона футболига берилган омад натижаси, деб баҳоламоқдалар.Бу гапда жон бор.Лекин, севимли жамоамиз бундай машҳурликка тўсатдан эришгани йўқ.Унинг шонли тарихи ҳамма ҳавас қилса арзийдиган ғолибона ва муқаддас қадамлари бор. Жамоанинг мамлакат миқёсида бундай шон шарафларга эга бўлиши ва довруқ таратишида бу ишларга бош қош бўлиб тамал тошини қўйган машҳур мутахассислар,футбол фахрийлари бор.Шулардан бири кўп йиллардан бери «Нефтчи» фидойиси ва машҳур фахрийси Лев Викторович Вахтиндир. Унинг «Нефтчи» жамоасида олиб борган самарали ва ибратли фаолияти билан танишиш мақсадида хонадонига ташриф буюриб,у билан батафсил суҳбатлашдик.
— Лев Викторович,сиз «Нефтчи»нинг яратилишида бошида тургансиз.Шу ҳусусда гапириб берсангиз
— Мен Москва шаҳрида туғилиб ўсганман. Тақдир тақозоси билан Тошкентдаги жисмоний тарбия олийгоҳини тамомлаганман.Сўнгра Янгиобод шаҳар Спорт қўмитасининг раҳбари сифатида иш бошладим. Фаолиятим давомида Янгиобод шаҳрининг раҳбари менга футбол жамоасини ташкил этиш бўйича таклиф билан чиқди ва биз «Восток» номи билан футбол клубини уюштирдик.1962 йилга келиб Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи бош директори Рафаэл Шахназаров Тошкентда сафарда бўлганларида менга ва тажрибали футбол мутахассиси Отари Дзидзигурига Фарғонада янги футбол жамоасини ташкил этишда ёрдам беришимизни сўради.Биз иккиланмасдан унинг қизиқарли ва истиқболли таклифига рози бўлдик ва шу тариқа Фарғонага йўл олдик.Шу билан бирга янги жамоада бош мураббий номзоди кўриб чиқилди ва Свердловск шаҳридан Александр Морозов бош мураббийликка таклиф этилди.Ушбу мутахассисларнинг саъй-ҳаракатлари билан жамоага кўплаб футболчилар таклиф этилди ва «Нефтяник» номли клубга асос солинди.Айтиб ўтиш лозим, ўша даврда жамоа фаолият юритиши учун янгитдан шароит яратилиб бериш вазифаси зарур бўлган ва ФНҚИЗ бош директори Рафаэл Шахназаров бу таклифларни амалга оширган.
— Сизнинг футбол дунёқарашингизда қайси мураббийнинг маслаҳатлари фойда берган
— Жамоамизда маълум бир муддат иш юритган Будагов Сергей Никитич менинг футболга бўлган дунёқарашимга кучли таъсир кўрсатди.Унинг футбол фалсафаси ва кўп йиллик тажрибаси футболга бўлган қизиқиш ва интилишларимни янада оширди.
— Фаолиятингизда муҳим ва ҳиссиётларга бой бўлган қайси ўйинни эсга олишингиз мумкин
— Бундай баҳслар кўп бўлган.Лекин улардан бири,1991 йилда Озарбайжон пойтахти Боку шаҳридаги учрашув бўлган.Шаҳарнинг «Нефтчи» жамоаси турнир жадвалида оғир аҳволга тушиб қолганлиги учун жамоа раҳбарлари менга пул бериб,ўйинда мағлубиятга учраб уларга 2 очкони беришимизни сўрашди.Мен бу таклифни рад этдим.Шундан сўнг улар жамоамиз аъзоларидан бир иккитасига катта пул ваъда қилиб, мағлубиятни нақд қилиб беришга ундашган.Мен буни ўз вақтида пайқаб қолганман,ўша футболчиларга нисбатан қатъий чора кўрилиши ва футболдан четлатилишларини уқтирганман.Натижада эртаси куни ўтказилган ўша муҳим учрашув жуда тартибли, қизиқарли ҳамда ёрқин тарзда кечди ва футболчиларимиз 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
— Ўша давр билан солиштирганда сизнингча футболимиз қанчали ўзгарди.
— Мен учун футбол ўзгармагандай қолмоқда.Чунки,ўша даврда атлетик ва тезкор футболни баъзи бир жамоаларимиз қўллаган бўлса,ҳозирги кунда эса барча жамоаларимиз атлетик ва тезкор футбол ўйнашга мослашиб олди.Шу билан бирга футболимиз оммавийлашиб, Абдуқодир Ҳусанов, Аббосбек Файзуллаев каби иқтидорли ёшларимиз кўпаймоқда.Лекин,чет эл футболидан андоза сифатида кириб келган салбий ўзгаришларни ҳам айтиб ўтмоқчиман. Масалан,кўплаб вазиятда футболчилар майдонда йиқилиб ётишлари ва вақтни чўзиш учун шифокорни ёллаш ҳолатлари ўйиннинг завқини бузишга олиб келмоқда. Бундай симулятив ҳолатлар илгари мутлақо ишлатилмаган.
— Лев Викторович фаолиятингиз давомида жамоанинг қўлга киритган ютуқлари ва натижалари ҳақида гапириб берсангиз
— 1962 йилда ташкил топган жамоамиз совет иттифоқи чемпионатларида 1991 йилга қадар иштирок этган. «Нефтчи» шу даврда асосан иккинчи лига мусобақаларида қатнашган эди ва ўз минтақасида 6 марта биринчи ўринни эгаллаган ва 1990 йилда ўз минтақасининг ғолиби сифатида Биринчи лигага йўл олган. Ўзбекистон мустақилликка эришгач 1992 йилда ўз чемпионатини ташкил этди ва шу йилдан бошлаб Олий лига мусобақалари йўлга қўйилди.»Нефтчи» клуби Олий ва Суперлига чемпионатларида фаол иштирок этиб,ҳозиргача 6 карра Ўзбекистон чемпиони, 9 карра кумуш медал,бир марта бронза медали, 2 карра Ўзбекистон кубоги ва жорий йилда илк бор Ўзбекистон Суперкубоги соҳибига айланди.Бундан ташқари «Нефтчи» халқаро мусобақаларда ҳам ўзини кўрсатган.Масалан: 1994 йилда Москвада бўлиб ўтган МДҲ кубоги мусобақасида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритган, 1994/1995 йилларда клублар ўртасида Осиё чемпионатининг бронза медалига эга чиқиб учинчи ўринни банд этган.
— Президентимиз Ўзбекистонда спортни,шу жумладан,футболни ривожлантириш ва оммалаштириш масалаларига жиддий эътибор бермоқда.Яқинда бўлиб ўтган суҳбатда ҳам миллионлар ўйини ҳисобланмиш, футболни янада юксак даражага кўтариш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди.Вилоятимизда ҳам бу соҳада жиддий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.Бу масалада сизнинг фикрларингиз қанақа
— Азалдан вилоят раҳбарлари ҳам футболни оммалаштириш ва уни ҳамма соҳада қўллаб қувватлаш юзасидан яхши ишларни амалга оширганлар.Айниқса, Ҳайрулло Ҳайитбаевич Бозоров вилоят ҳокими вазифасига келгач,у дарҳол вилоят футбол ассоциацияси раҳбарлигини ҳам ўз зиммасига олиб,Фарғона футболининг довруғи ва шон шуҳратини ошириш масалалари билан жиддий шуғуллана бошлади.Ана шу саъй ҳаракатлар натижасида «Нефтчи» жамоаси 24 йиллик танаффусдан кейин мамлакат чемпиони даражасига кўтарилди ҳамда Ўзбекистон Суперкубогини қўлга киритди.Ҳайрулло Ҳайитбаевич чинакам футбол шайдоси.Футболга бўлган меҳр унинг бутун вужудига сингиб кетган.У қаерга бормасин, нима иш билан шуғулланмасин футболни асло эсдан чиқармайди.Ҳокимнинг бу фидойилиги ва сиёсати бундан кейин ҳам ёрқин натижалар беради,деган умиддаман.
— Ҳозирги футболчилар ва уларнинг устозларига, миллионлар ўйини мухлисларига сизнинг тилакларингиз қандай
— Биринчи навбатда футболга меҳр муҳаббат ва садоқат,ўзинг танлаган касбни пухта эгаллаш ва ҳамиша масъулият билан ёндашиш, футбол миллионлар қувончи ва ардоғида эканлигини бутун вужудинг билан хис қилиш ва буни кундалик ҳаётда исботлаб намойиш этишларини тилайман.
Лев Викторович Вахтин ва «Нефтчи»нинг биринчи бош мураббийи Александр Морозов
«Нефтчи» клубининг асосчиларидан бири Отари Дзидзигури
«Нефтчи» клубининг ташкил топишида таъмал тошини қўйган ФНҚИЗ бош директори Рафаэл Айрапетович Шахназаров
Лев Вахтин ёш футболчиларнинг ёш мураббийи даври
Лев Вахтин ўсмирлар жамоаси билан ишлаган даври
«НЕФТЧИ»нинг биринчи бош мураббийи Александр Морозов
Лев Викторович Вахтин Фарғона пахта тозалаш заводи директори Анваржон Давидбоевга жамоа рамзини топшираётган жараёндан лавҳа
Лев Вахтин ва Юрий Саркисян ўша даврдаги вилоят ҳокими Алишер Отабоев билан тушган сурат.
Лев Викторович Вахтин вилоят раҳбарини кутиб олмоқда
Лев Викторович Вахтинни тақдирлаш маросимидан лавҳа
Лев Викторович Вахтин футбол жамоатчилиги орасида (олд қаторда ўнгдан биринчи ҳозирги кунда «Нефтчи»нинг ижрочи директори Зоҳиджон Ғофуров)
Лев Викторович «Нефтчи» аъзолари билан тақдирлаш маросимида
Лев Викторович Вахтин «Нефтчи» ПФК футболчилари даврасида












