“Фарғона яна чемпионлик шукуҳи билан тўлади!” Вилоят ҳокими “Нефтчи”нинг Суперлига йўлланмасини қўлга киритиши муносабати билан фарғоналик футбол мухлисларига табрик йўллади
Ўзбекистон Про лигасининг 20-тур баҳслари доирасида Ғиждувонда Бухоронинг “Нурафшон” жамоаси билан беллашган “Нефтчи”, рақиб устидан 4-1 ҳисобида ишончли ғалаба қозониб, муддатидан аввал Суперлига йўлланмасини қўлга киритди. Бу муносабат билан вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров фарғоналик футбол ишқибозларига ҳамда “Нефтчи” жамоаси мухлисларига ўз табригини йўллади:
«Азиз фарғоналиклар, севимли “Нефтчи” жамоамиз мухлислари!
Барчангизни бугун “Нурафшон” устидан сафарда 4-1 ҳисобида қозонилган ишончли ғалаба ҳамда муддатидан олдин қўлга киритилган Суперлига йўлланмаси билан табриклайман!
Бу муваффақият олдимизга қўйган буюк мақсадлар йўлидаги дастлабки қадам бўлди. Мавсум олдидан жамоанинг мухлислар билан тақдимот учрашувида “Нефтчи”га Суперлигада ўйнаш, ўйнаганда ҳам юқори ўринлар учун курашиб, Осиё чемпионлар лигасида тўп суриш ярашади!” деган фикрни билдиргандим. Бугун ушбу сўзларни яна бир такрорлашга тайёрман. Нафақат мамлакатимизда балки Осиё миқёсида ҳам ўзининг шонли тарихига эга “Нефтчи” жамоамиз насиб қилса, келгуси мавсумдан бошлаб Суперлигада ўзининг ёрқин ўйинлари ҳамда ишончли ғалабалари билан барчамизга хурсанд қилади, Фарғона яна чемпионлик шукуҳи билан тўлади!
Умид қиламизки, келгуси мавсум Фарғона вилояти футболи учун янгидан тикланиш мавсуми бўлади. Бош жамоамиз “Нефтчи” билан бир қаторда вилоятимизнинг Суперлига ва Про лигада иштирок этадиган бошқа клубларимиз ҳам мухлисларимиз учун қувончли онларни тақдим этишади, вилоятимиз биринчилиги иштирокчилари бўлган шаҳар ва туманлар жамоалари ҳам шиддатли ўйинлари билан вилоятимиз футболи ривожига ҳисса қўшадилар.
Фарғонамизга футбол байрами муборак бўлсин!»
Бошқа хабарлар
«NЕFTCHI» AFSONALARI TASHRIF BUYURISHDI
O‘RINBOSARLAR JAMOAMIZ MAG‘LUB BO‘LDI
SAFARDA DURANG