«Янги Фарғона» газетасини навбатдаги сонида мухбир Мўйдинжон Собитов жамоамизнинг янги мавсум учун тайёргарлиги бўйича ўзини қарашларини ёзиб ўтган, қуйида ушбу мақолани ўқишингиз мумкин.
Ўтган йилги Суперлига баҳслари якунлари сарҳисоб қилинаётган бир паллада, жорий йилнинг 1 март куни старт оладиган янги мавсумга тайёргарлик жараёнлари қизғин тус олмоқда. Айниқса, ўтган йилги Ўзбекистон чемпионатида кўп вақт давомида мусобақа жадвалини бошқариб, якунда дуранглар сони кўпайиб кетгани эвазига бешинчи ўрин билан кифояланган, мамлакатнинг беш карра чемпиони – «Нефтчи» раҳбарлари томонидан трансфер бозорида фаоллик кўрсатилаётганлиги уларнинг кўп йиллик танаффусдан кейин чемпионлик кубогини Фарғонага олиб келишга жиддий бел боғлашганини англатмоқда.
Ўтган мавсум якунларига кўра футбол мутахассислари ва мухлислар томонидан “Суперлиганинг энг яхши мураббийи”, деб топилган Виталий Левченко бошқарувидаги «Нефтчи» таркибидаги тажрибали футболчиларнинг жамоада қолаётгани ҳамда фарғоналиклар сафига маҳоратли ўйинчиларнинг келиб қўшилаётганлиги мухлисларда ҳам чемпионликка катта умид уйғотмоқда.
Таъкидлаш керакки, «Нефтчи» раҳбарияти, аввало, ўтган мавсумда мураббийлар ишончини қозонган Акбар Тўраев, Асрор Кенжаев, Дониёр Валиев, Муҳсинжон Убайдуллаев, Анваржон Ғофуров, Мирзоҳид Ғофуров, Шароф Муҳиддинов, Диёр Туропов, Ғуломҳайдар Ғуломов, Билол Тошмирзаев, Зоир Жўрабоевлар билан келишувни узайтирди. Шу билан бирга, жамоани тарк этган Владимир Назаров, Улуғбек Ҳошимов, Умар Адҳамзодалар ўрнига Тожикистон миллий терма жамоаси аъзоси Монучеҳр Сафаров, “Бухоро” тўпурари Шоҳруз Норхонов, бир неча йил давомида “Сўғдиёна”нинг сардори бўлган Жавоҳир Қаҳрамонов, Парижда ўтадиган навбатдаги Олимпиадага йўлланма олиш учун курашни давом эттираётган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси сардори, Осиё ўйинларининг совриндори Жасур Жалолиддинов, Муборакнинг “Машъал”, Қаршининг “Насаф” жамоалари таркибида шаклланиб, “Пахтакор” билан 5 марта мамлакат чемпиони бўлган Санжар Қувватов, ўтган йилги мавсумда Тошкентнинг “Локомотив” жамоасининг Суперлигага қайтишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган Санжар Қодирқулов каби таниқли футболчилар билан шартнома имзолангани жорий йилги чемпионатда “Нефтчи” чемпионликка асосий даъвогарлардан бири эканлигини англатиб турибди.
Шунингдек, жамоанинг ўтмишдаги шон-шуҳратини тиклашга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшаётган мураббийлар штаби аъзолари –жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Анваржон Норқулов, дарвозабонлар билан ишловчи мураббий Фарруҳ Бердиев ҳамда ўринбосарлар жамоаси мураббийи Азизжон Алижоновлар билан келишувлар узайтирилгани ҳам «Нефтчи» мухлисларининг қўнглини тўқ қилди.
Айни кунларда Тошкент шаҳрида ўтказилган биринчи йиғинни якунлаган “Нефтчи” футболчиларига Янги йил байрами муносабати билан қисқа муддатли таътил берилган. Улар шу кунларда иккинчи йиғинни ўтказиш учун Туркияга жўнаб кетишади. Маълумотларга кўра, “Нефтчи” раҳбарияти жамоа сафига яна бир нечта машҳур футболчиларни жалб этиш ҳаракатида.
Бу йил ўз олдига чемпионлик мақсадини қўйган “Нефтчи” жамоасидаги янгиликлар ва, албатта, жамоа сафидаги таниқли футболчилар ҳақидаги батафсил маълумотлардан хабардор бўлмоқчи бўлсангиз, “Янги Фарғона” газетаси ва унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларини кузатиб боринг.
Мўйдинжон СОБИТОВ,
“Янги Фарғона” мухбири.
«Нефтчи» ПФК матбуот хизмати
Бошқа хабарлар
VITALIY LEVCHENKO: «UCHRASHUVDAGI HISOB BUGUNGI O‘YINGA MOS RAVISHDA BO‘LDI»
VODIY DERBISIDA DURRANG
«VODIY DERBISI»NI NAYIM QOSIMOV BOSHQARADI!