"NEFTCHI"

Professional futbol klubi

ШОҲРУЗ НОРХОНОВ: «НЕФТЧИ»ДА ЎЙНАШ МЕН УЧУН ШАРАФЛИДИР

 

—»Нефтчи» клубига келишингиз қандай юз берди?

—»Нефтчи» клуби ўтган мавсумдаёқ менга қизиқиш билдирган эди.Чемпионат баҳслари якунига етай деганда жамоа бош мураббийи Виталий Левченко мени келаси мавсумда жамоа таркибида кўриш истагини билдириб ўтдилар.Бош мураббий билан суҳбатлашгач менга билдирган ишончидан сўнг иккиланмасдан янги мавсумда юқори мақсадларни кўзлаган жамоа билан шартнома имзоладим.

 

—Йиғинлар давом этмоқда. Айтингчи, жамоага қанчалик киришиб кетдингиз? 

—Умумий қилиб айтганда, жамоага киришиш мен учун осон кечди. Сабаби,бу ерда тўп сураётган кўплаб футболчилар билан аввалдан яхши таниш бўлишимиздан ташқари кўпчилиги билан анчадан бери дўстмиз ҳам.Шу омиллар жамоага осонроқ қўшилиб кетишимда ёрдам берди.

 

—Оилангиз, дўстларингиз «Нефтчи» жамоасига ўтишингизни қандай қабул қилишди?

—»Нефтчи» Ўзбекистон футболида жуда буюк клублардан биридир. Бундай жамоа шарафини ҳимоя қилиш мен учун шарафли ҳисобланади.Шунинг учун яқинларим ва дўстларим «Нефтчи»да ўйнаш бўйича чиқарган қароримни хурсандчилик билан кутиб олиб, қизғин қўллаб-қувватладилар ҳамда жамоа сафида катта ютқуларга эришишим учун дуода бўлдилар.

 

—Ўтган мавсум сиз учун икки ҳил кечди. Сабаби, биринчи даврада ўйин амалиётига деярли эга бўлмаган бўлсангиз, иккинчи даврада эса «Бухоро» таркибида ҳар бир учрашувда тўлиқ ҳаракат қилдингиз. Нима деб ўйлайсиз, айни пайтда спорт формангиздан ўзингиз қониқиш ҳосил қиляпсизми?

—Тўғри таъкидладингиз, ўтган мавсум икки жамоада тўп сурдим. Лекин умумий қилиб айтсам, «Навбахор»да ҳам «Бухоро»да ҳам тўп сурганимдан афсусланишим йўқлигига қарамай, мавсумдаги ўйинларимдан қониқиш ҳосил қилмадим. Янги мавсумдан умидим катта. Худо хоҳласа имкони борича кўп голлар киритиб, мухлисларни хурсанд қилиш билан бирга мусобақада тўпурар бўлиш ниятим бор.

 

—Жамоамиз мураббийлари ва улар қўл остида ўтаётган тайёргарлик жараёни сизда қандай таассуротлар қолдирмоқда?

—Мураббийларимизнинг кўрсатмалари асосида кечаётган машғулотларда барчасини тўғри ва бехато бажаришга ҳаракат қиляпмиз. Қисқа қилиб айтганда, ҳаммаси аъло даражада.

 

—»Нефтчи»даги дебют мавсумида олдингизга қандай мақсадлар қўйдингиз?

— Мақсадим, катта куч ва бор маҳоратимни ишга солган ҳолда кўпроқ голлар уриб, жамоа билан юқори ўринларни эгаллаш ва совринларга эга чиқишдан иборатдир.

 

—Фурсатдан фойдаланиб фарғоналик мухлисларимизга тилакларингиз?

—Фарғоналик мухлислар футболни яхши кўришлари ҳеч кимга сир эмас. Худо хоҳласа янги мавсумда мазмунли ва ғолибона ўйинларимиз орқали мухлисларимизни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.

 

«Нефтчи» ПФК матбуот хизмати

Улашинг: