9 сентябрь куни Яйпандаги марказий «Ўзбекистон» стадионида Про лиганинг 5-турида «Фарғона дербиси» мақомига эга бўлган «Истиқлол» ҳамда «Нефтчи» қарама-қаршилиги бўлиб ўтди.Бу беллашувда номинал мезбон сифатида «Истиқлол» жамоаси рўйхатдан жой олди. Шу кунгача ўзаро учрашувларда ғалаба нималигини билмай келаётган нефтчилар бу салбий ҳолатни бартараф этиш илинжида майдонга кириб келдилар. Таъкидлаш жоизки,баҳс жуда муросасиз кескин ва жанговар руҳда ўтди.Биринчи бўлимнинг бошлари «Нефтчи»нинг ҳужумлари билан бошланган бўлса, кейинчалик ташаббус «Истиқлол» футболчиларига ўтиб, улар бир қатор хавфли вазиятларни юзага келтиришга эришдилар. Лекин танаффусга жамоалар 0:0 ҳисобидаги дуранг натижаси билан майдонни тарк этишди.
Иккинчи бўлим аксинча номинал мезбонларнинг хужумлари остида бошланганига қарамай, нефтчилар қарши ҳужумларга зўр бериб, дарвозани ишғол қилишга яқин бўлдилар. Юзага келган қулай имкониятлардан футболчиларимиз Отабек Зокиров ҳамда Достон Тошматовлар оқилона фойдалана олмадилар. Иккинчи бўлим ўрталарига келиб жамоамиз таркибида бир қатор ўзгартиришлар амалга оширилди. Захирадан майдонга туширилган Элдор Эргашев, Достонбек Бобожонов ҳамда Павел Смоляченколар жамоа ўйинига қўшимча руҳ бахшида этишди десак муболаға бўлмайди.Чунки янги куч ва шижоат билан беллашувга киришган футболчиларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида нефтчиларнинг ҳужумлари янада кескин тус олиб, 75-дақиқада мезбонлар дарвозаси томон пенальти тепиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Лекин тўпураримиз Отабек Зокировнинг амалга оширган жарима тўпини мезбонлар дарвозабони қайтаришга муваффақ бўлди ва ҳисоб ўзгармай қолди.Бу омадсизликдан тушкунликка берилмаган нефтчилар белгиланган мақсад сари интилишда давом этдилар. Навбатдаги ҳужумларимизнинг бирида захирадан майдонга тушган тажрибали футболчимиз Элдор Эргашев узоқ масофадан йўллаган кучли зарбаси дарвоза тўққизлигидан жой олиб, суперголга айланди 0:1. Шундан кейин «Истиқлол» футболчилари ҳисобни ўзгартиришга астойдил киришиб, бир неча бор дарвозамиз ёнида хавфли вазиятларни юзага келтиришди. Аммо, бу вазиятларда ишончли ўйин намойиш этган посбонимиз Фарруҳ Турдалиев дарвозамиз дахлсизлигини таъминлаб берди.Ҳаттоки, бош ҳакам томонидан қўшиб берилган 7 дақиқа вақт ҳам «Истиқлол» жамоасини аламли мағлубиятдан асраб қола олмади. Натижада матонат,ғайрат-шижоат ва ирода кучини намойиш этган «Нефтчи» футболчилари ўзаро баҳслардаги илк ғалаба нашидасини суришга муваффақ бўлдилар. Бу ғалабадан сўнг жамоамиз турнир жадвалида учинчи ўринга кўтарилиб олди.
Қийин ва ўта муҳим ғалаба муборак бўлсин!
«Нефтчи» матбуот хизмати
Бошқа хабарлар
VITALIY LEVCHENKO: «UCHRASHUVDAGI HISOB BUGUNGI O‘YINGA MOS RAVISHDA BO‘LDI»
VODIY DERBISIDA DURRANG
«VODIY DERBISI»NI NAYIM QOSIMOV BOSHQARADI!