"NEFTCHI"

Professional futbol klubi

Суперлигага 11 февраль куни жонли эфирда қуръа ташланади

Аввалроқ қуръа 10 февраль куни бўлиб ўтиши маълум қилинганди. Аммо маълум сабаблар туфайли ЎзПФЛ жараённи 1 кунга кечиктирди.

Бунгача қуръа жараёнига барча клуб вакиллари таклиф этиб келинаётганди. Аммо ҳозирда Суперлиганинг қатор клублари хориж йиғинида бўлиб турибди. Январь ойида футболчилари асосан терма жамоалар билан бирга бўлди. Мавсумга оз қолаётганидан келиб чиқиб, ЎзПФЛ клубларнинг тайёргарлик жараёнига бевосита таъсир ўтказишни истамади.

Шунингдек, жорий мавсумдан бошлаб футбол клубларининг ўз йиллик сметасини ЎФА билан келишиши амалиёти йўлга қўйилди. Унга қадар эса клублар ўз футболчиларини ЎзПФЛ рўйхатидан ўтказа олмайди. Бунинг натижасида футбол клублари ўтган йилнинг 6 декабрь санасидан бошлаб очиқ турган трансфер ойнаси давомида роппа-роса икки ой йўқотишларига тўғри келди. Олдиндаги 18 кун давомида улар барча масалага улгуришлари талаб этилади.

Шуларни инобатга олиб, Суперлига қуръа маросими “Спорт” телеканали студияси орқали жонли эфирга олиб чиқилади. Қуръа ҳаққоний ўтаётганини назорат қилиш учун унга клубларнинг Тошкентда бўлиб турган бир қатор вакиллари ҳам таклиф этилади.

Хабарингиз бор, айни кунларда “Спорт” Хитойда давом этаётган қишки Олимпиада ўйинларини намойиш қиляпти. Юқоридаги ҳолатлар сабаб телеканал ва ЎзПФЛ келишиб, қуръа маросимини 1 кун кейин 21:30 да эфирга олиб чиқишга қарор қилди.

Қуръа атрофидаги қолган жараёнлар ижтимоий тармоқларимиздаги саҳифаларимиз орқали ёритиб борилади.

Улашинг: