Фарғона вилояти ҳокими кубоги учун анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиб келинаётган футбол мусобақалари 26 январда бошланиб 7 февралда якунланди. Беллашувларда Фарғона, Андижон, Наманган, Навоий вилоятлари ҳамда Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан жами 20 та жамоа иштирок этди. Улар 4 та гуруҳга бўлиниб, қизғин кураш олиб бордилар. Мусобақада «Нефтчи»,» Андижон » ва «Қўқон-1912» жамоалари 2 та таркиб билан иштирок этдилар.
Гуруҳ мусобақаларида «Нефтчи» футболчилари аҳиллик, матонат ва маҳорат намуналарини намойиш этишди. «Нефтчи-1» ўз гуруҳида «Фаровон»,» Қўқон-1912-2″, Андижон-2″ ва «Ўш Академия», » Нефтчи-2″ эса «Андижон-1″, » Ёзёвон лочинлари «, » Турон » ҳамда «Зафар» жамоалари билан беллашиб, чорак финалга чиқдилар. Бу ерда иккала жамоа ўзаро куч синашишга тўғри келди. Устун келган «Нефтчи-1» футболчилари ярим финалда Суперлига вакили «Қўқон-1912» жамоаси билан бўлган баҳсда ғолиб чиқиб, финалга йўл олдилар. Ҳал қилувчи беллашувда эса Яйпаннинг «Турон» жамоасини 11-метрли пенальтилар серияси бўйича 4:2 ҳисобида мағлуб этиб, бош совринни қўлга киритди.
Ярим финал ва финал учрашувларида «Нефтчи» футболчилари жўшқинлик ва шиддат билан курашиб, рақибдан устун келган бўлсалар, жамоа дарвозабони Шерзод Абдураимов алоҳида жасорат кўрсатди. Ҳар иккала баҳсда ҳам энг хавфли пенальтиларни қайтариб, турнир қаҳрамонига айланди. Жамоа аъзоси Исломбек Каримов эса турнирнинг энг яхши хужумчиси деб тан олинди.
Вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шуҳрат Ғаниев ғолибларга бош совринни тантанали равишда топширар экан, «Нефтчи» клубига янги мавсумда ғалабалар тилади.
«Нефтчи» футбол клуби «Ҳоким Кубоги» мусобақаларига қизғин тайёргарлик ва учрашувларни ўтказиш давомида биз билан ёнма ён ва ҳамкор бўлиб, ҳамма соҳада астойдил қўллаб-қувватлаганликлари учун Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи маъмурияти, ишчи-хизматчилари ва барча мутахассисларига, шунингдек, жамоамизнинг ашаддий мухлисларига чин дилдан миннатдорчилик изҳор этади.
«Нефтчи» матбуот хизмати
Бошқа хабарлар
OʻZARO OʻRTOQLIK UCHRASHUVI OʻTKAZILDI
NАZORАT UCHRАSHUVLАRIDАGI BIRINCHI RАQIBIMIZ MА’LUM !
KUBOK UCHUN KURASH TO’XTATILDI