Chor. Dek 11th, 2024

"NEFTCHI"

Professional futbol klubi

Илҳом Мўминжонов: «Хошимов ва Розиевларнинг келажаги порлоқ»

 

Бугунги ғалабадан сўнг жамоамиз бош мураббийи Илҳом Мўминжонов матбуот анжуманида иштирок этди ва қуйидагича фикр билдирди.

Бугунги ғалаба билан жамоамиз йигитларини табриклайман. Улар бугун мураббийлар штаби томонидан берилган кўрсатмаларни аъло даражада бажаришди. Узоқ демасдан Фарғонадан етиб келиб бизни қўллаб-қувватлаб турган мухлисларга ғалабамизни бағишлаймиз.

Ўткан ўйинда «Олимпик» билан дуранг ўйнадик. Балки ўйинни ҳам йирик ҳисобда ютсак бўларди. Захирадан кўнглимиз тўлмаганди. Бугун гувоҳи бўлганларингдек, захира футболчилари ўйинни ҳал қилишди. Шерзод Каримов иккита голли узатма берди, бугун у майдонда ўзининг ҳар томонлама маҳоратини намойиш этди. Умуман айтганда бугун асосий таркиб ва захирадан ўйинга қўшилган барча футболчилардан кўнглим тўлди. Бугунги шижоатли ўйин учун футболчиларимизга раҳмат айтаман.

Бугунги ўйин ҳақида мураббийлар штаби билан таҳлил қилиб чиққандик. «Янгиер» Самарқандда ҳам агрессив ўйин кўрсатган. «Янгиер» яхши жамоа экан. Тўп назоратини тўғри амалга оширганимиз эвазига ғалаба қозондик.

Бу йилги ПРО-Лигада ўйлашимча барча жамоаларнинг имконияти бир хил. «Бухоро», «Динамо» ва «Олимпик» жамоалари Суперлига йўлланмаси учун жиддий кураш олиб боришса керак. Чунки уларда номдор мураббийлар ва сифатли футболчилар бор. Яна «Оқ-тепа» ҳам яхши жамоа, «Хоразм» мана уйда ғалабага эришди. Навбатдаги турда «Истиқлол» билан ўйнаймиз, улар ҳам Суперлига учун курашишни мақсад қилган. Бу ўйинга жиддий тайёргарлик кўрамиз.

Улуғбек Хошимов ва Руслан Розиев 18 ва 20 ёшли йигитлар. Ўткан мавсумда бу футболчилар «Пахтакор» ёшларида асосий таркиб ўйинчилари бўлишган. Бу йигитларда шижоати зўр, бугун Хошимов чиройли гол урди. Бу йигитлар ўсишда давом этишса келажакда терма жамоада ҳам ўйнашади.

Қизил карточкадан сўнг футболчилар шошиб қолишди. Кейинроқ ўйинни тўлалигича назоратга олишди. Шундан сўнг иккинчи ва учинчи голлар юзага келди.

«Нефтчи» матбуот хизмати

Улашинг: