«НЕФТЧИ»

Профессионал футбол клуби расмий сайти

Суперлиганинг 2021 йилги мавсумига 20 февраль куни қуръа ташланади

20 февраль — шанба куни Суперлиганинг 2021 йилги мавсумига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Маросим 18:15 дан бошлаб “Спорт” телеканали орқали жонли эфирга узатилади.

2020 йилги пандемия сабаб мусобақалар 20 декабрь санасига қадар давом этганидан хабарингиз бор. Шундан келиб чиқиб, қишки трансфер ойнаси ўтган йиллардаги каби 17 декабрда эмас, 4 январь санасида очилди ва у 12 мартга қадар давом этади.

2021 йилги мавсум мамлакатнинг амалдаги чемпиони “Пахтакор” ҳамда вице-чемпиони “Насаф” ўртасидаги Суперкубок учрашуви билан старт олади. Мазкур беллашув 6 март — шанба куни бўлиб ўтади. Суперкубок учрашувига қайси стадион мезбонлик қилиши яқин орада эълон қилинади.

9 март куни эса Суперлиганинг илк тури бошланиши белгиланган. 22 мартдаги ФИФА кунига қадар Суперлиганинг 3 та тури бўлиб ўтади. Ҳозиргача Суперлиганинг июль ойига қадар бўлиб ўтадиган 13 та тури ҳамда Ўзбекистон кубогининг гуруҳ босқичи ва 1/8 финал учрашувлари саналари режага киритилган. Бироқ айни вақтда ОФК Чемпионлар лигаси ҳамда ОФК кубогининг марказлаштирилган форматдаги гуруҳ босқичига мезбонлик қилувчи мамлакатларни аниқлаётгани ва бунда Ўзбекистон шаҳарларининг ҳам эҳтимолий мезбонлиги бор эканидан келиб чиқиб, 2021 йилги мавсум тақвими бироз кейинроқ очиқланади.

Маълумот учун, Суперлиганинг 2021 йилги мавсумида ҳам ғолиблик учун 14 та клуб кураш олиб боради: “Пахтакор”, “Насаф”, АГМК, “Бунёдкор”, Қўқон-1912”, “Сўғдиёна”, “Металлург”, “Навбаҳор”, “Локомотив”, “Машъал”, “Қизилқум”, “Сурхон”, “Андижон” ва “Турон”. Мавсум якунига кўра сўнгги икки ўриндан жой олган клуб Про лигага туширилади. Суперлиганинг 12-ўрнидан жой олган клуб эса Про лиганинг учинчи жамоасига қарши ўтиш ўйинини аввалги йилдаги каби сафарда ўтказади.

manba: pfl.uz

Улашинг: