Суперлиганинг навбатдаги тур баҳсига қизғин тайёргарлик кўраётган жамоамиз бугун халқаро ўртоқлик ўйинида Тожикистоннинг «Эсхата» клуби билан майдонда ўзаро куч синашди. Таъкидлаш жоиз, бугунги рақиблар ёзги танаффус пайтида илк бор Фарғонада юзлашишган бўлиб, мазкур учрашув 4:0 ҳисобида жамоамиз фойдасига ҳал бўлган эди.
Бугунги беллашув ҳам тўлиқ мезбонлар устунлигида ўтди. Ўйинда ҳисоб 30-дақиқада Ғулом-Ҳайдар Ғуломовнинг олисдан йўллаган кучли зарбаси орқали очилди 1:0. Кўп ўтмай навбатдаги комбинацион ҳужум амалга ошгач, грузиялик легионеримиз меҳмонларнинг қуршовида тўпни эгаллаб олиб дарвозани аниқ нишонга олди 2:0. Шундан сўнг вакилларимизда дарвозани ишғол этиш учун бир нечта қулай имконият пайдо бўлганига қарамай танаффусга қадар ҳисоб ўзгаришсиз қолди.
Иккинчи бўлимда мураббийларимиз таркибда ўзгаришларни амалга ошириб, ёш ўйинчиларни майдонга туширди ва бу ўзгаришлар тез орада ўз мевасини берди. Улуғбек Хошимов тезкор ҳужумларимиздан унумли фойдаланиб, кетма-кет иккита тўп киритиб, ҳисобни йирик 4:0 кўринишига олиб чиқди.Киритилган голлардан сўнг жамоамизнинг ҳужумкорлиги давом этган паллада саҳнага ёш иқтидор эгаси Дониёр Валиев кириб келди. Чап қанотдан Иззатилла Абдуллаев томонидан катта тезликда ташкил этган ҳужуми ва ҳаволатиб ошириб берган узатмасига Дониёр Валиев баланд сакраган ҳолда боши билан чиройли тарзда тўпни дарвоза тўрига жойлаб қўйди 5:0.
Учрашув якунига қадар вакилларимизда дарвозани ишғол этиш учун кўплаб қулай имкониятлар яратилди, лекин ушбу вазиятлардан футболчиларимиз самара топа олишмади ва йирик 5:0 ҳисоби ўзгаришсиз қолди.
Барча футболсевар мухлисларимиз номидан севимли жамоамизни бугунги чиройли ғалаба билан табриклаб, кейинги беллашувларда ҳам омад ёр бўлишини тилаймиз.
Бошқа хабарлар
MUXLISLAR STATISTIKASI
VITALIY LEVCHENKO : BUGUNGI SHIJOAT UCHUN FUTBOLCHILARGA RAXMAT AYTAMAN
«NЕFTCHI» — SO‘NGGI TURDA MUHIM G‘ALABA!