2022 йилги мавсум якунланиб, сувдан ғалвирни кўтарадиган пайт ҳам келди. Анъанага кўра, ҳар йили совриндор бўлишни мақсад қилган «Нефтчи» ҳам январь-февраль ойларида таркибни кучайтириш ва жамоа раҳбарларининг ишончини оқлаш ишларини бошлаб юборди. Ҳар холда клуб Про Лигадан Суперлига йўлланмаси қўлга киритиш осон кечмаганди.
Биринчи даврадаги ғалабалар жамоага янада куч ва шижоат бағишлаши табиий эди. Баҳорда мавсумни ғалаба билан бошладик. Вилоят дербиси мақомидаги ўйиндаги «Қўқон 1912» жамоасига қарши ягона пенальти хаммасини ҳал қилди. Лекин… қолган турларда, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, 2-турдан то 10-турга қадар ғалаба нималигини билмадик. Афсуски, бу омадсиз серия «Нефтчи»нинг жорий мавсумдаги энг узун ғалабасиз серияси сифатида статистика тариҳига кирди.
2-тур:»Пахтакор» 1 : 0 «Нефтчи»
3-тур: «Нефтчи» 1 : 2 «Сўғдиёна»
4-тур: «Кизилқум» 3 : 0 » Нефтчи»
5-тур: «Нефтчи» 1 : 3 «Бунёдкор»
6-тур: «Динамо» 1 : 1 » «Нефтчи»
7-тур: «Нефтчи» 0 : 1 «Локомотив»
8-тур:» Нефтчи» 0 : 0 «Олимпик»
9-тур:» Навбахор» 0 : 0 «Нефтчи»
8 ўйин, 3 очко , тўплар нисбати 3-11 (!) .
Биринчи давра якунига қадар қолган 4 турда «Металлург» устидан қозонилган ғалабани ҳисобга олмасак, ҳолат яна ўша эди. Рақамларга таяниб айтадиган бўлсак,
жамоа давра якунида 13 ўйин, 2 ғалаба , 5 дуранг ва 6 мағлубият билан мусобақа жадвалининг 13 (!) ўринига жойлашиб олганди. Шонли тариҳга эга клубнинг бундай натижалари нафақат муҳлисларга , қолаверса жамоа рахбариятига ҳам номаъқул келди.Шу сабабли давралар оралиғида Фарғона вилояти ҳокими вилоят футбол ассоциацияси президенти Хайрулло Бозоров «Нефтчи» клуби футболчилари ва мураббийлари билан учрашди. Танқидий руҳда кечган йиғилиш давомида 2022-йилги мусобақа учун кўнгилдагидек тайёргарлик қила олмаган ва футболчилар танлашда
камчиликларга йўл қўйган клуб директори ва бош мураббий штабига огоҳлантириш берилди ва клуб президенти этиб Фарғона шаҳар хокими Восилжон Назаров тайинланди, шундан сўнг биринчи давра якунида юқоридагилар клуб президенти В.Назаров биринчи давра якунлари бўйича клуб ўзига мос ўринда эмаслиги сабабли клуб директори ва мураббийлар штабини ўз аризасига кўра,эгаллаб турган лавозимларидан озод қилди. Иккинчи давра учун «Нефтчи» ПФК бош мураббийлигига таниқли мутахассис, Тожикистоннинг «Истиқлол» жамоаси билан ажойиб натижаларга эришган Виталий Григорьевич Левченкога ишониб топширилди. Клуб раҳбарлигига эса
«Нефтчи» учун жонкуяр инсон Мўйсинжон Меҳмонов тайинланди.Янги бош мураббий олдида қисқа вақт ичида клубни иккинчи давра учун хозирлаш ва Суперлигани юқорироқ ўринда якунлаш вазифаси юкланди. Виталий Левченко ўзбек мухлисларига унча таниш бўлмаса ҳам МДХ давлатлари
орасида ўз ўрнига эга бўлган мураббий ҳисобланади, биринчи даврада муҳлисларни эсида қоладиган яна бир жиҳат Виталий Левченко «Нефтчи» жамоасини Тошкентдаги йиғинларида клубнинг афсонавий мураббийи Юрий Вазгенович Саркисян билан учрашиб ундан маслаҳатлар олди ва Ю.В.Саркисян янги бош мураббийга омад тилади! Бу ҳам бир белги эди, Виталий Левченко оқилона ва усталик билан жамоага керакли ўйинчиларни йиға бошлади. Ҳусусан, Конюхов,Ларин, Мишенко , Қуттибоев, Мусаев, Неъматхонов шулар жумласидан. Иккинчи давра бошидаёқ В. Левченко чекига дерби тушди. Илк ўйин, шиддатли кечган баҳс 3-3 ҳисобидаги дуранг билан якунланди. «Нефтчи» бир ўйиннинг ўзидаёқ 3 та гол уришга эришди! Биринчи давра билан солиштирганимизда бу натижа анча яхши эди. 17-турдаёқ мураббий имзоси кўрина бошлади. Биринчи даврада кўзга кўринмаган футболчилар Умар Адхамзода, Иззатилла Абдуллаев, Нодирхон Неъматхонов, Сунатилла Абдуллажоновларни мухлислар таний бошлади. Аброр Исмоиловнинг ўйини эса супер даражага чиқди.»Нефтчи» кетма-кет 6 ўйинда мағлубият нималигини билмади. Сув ва ҳаводек зарур бўлган очколар қўлга киритилди. Аввалига «Қизилқум», кейинчалик» Бунёдкор», «Локомотив» ва «Динамо» йирик ҳисобда таслим қилинди. Ўйинлар давомида тартиб-интизом биринчи ўринга чиқди. Таркибдаги ротациялар ўз мевасини бера бошлади. Айниқса, мураббийнинг 2- таймдаги мохирона ўйинчи алмаштириш тактикаси ғалабаларнинг омилларидан бири бўлди. Виталий Левченко жамоадаги ички мухит ва футболчиларнинг руҳияти билан боғлиқ муаммолар устида ҳам ишлади. «Нефтчи» футболчиларига
нисбатан ҳакамлар томонидан кўрсатилаётган сариқ карточкалар сони камайди. Охирги икки турдаги «Насаф ва» Сурхон»устидан қозонилган кетма-кет ғалабалар Суперлига жадвалида ренессанс ҳосил қилди. «Нефтчи» Виталий Левченко қўл остида 6 ғалаба, 3 та дуранг, 4 мағлубиятни ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Тўплар нисбати 21-16 ва жамғарилган 21 очко!
Тан олиб айтиш керак, жамоамиз иккинчи даврадаги намойиш этган ўйинлари бутунлай ўзгарди ва Суперлигани 9-ўрин билан якунлаб, рахбарият томонидан қўйилган вазифани бажаришга эришдилар.
«Нефтчи» ПФК матбуот ҳизмати
Бошқа хабарлар
VITALIY LEVCHENKO: «IKKINCHI BO‘LIM ANCHA QIZIQARLI KECHDI, MUHIM G‘ALABANI QO‘LGA KIRITDIK»
«NEFTCHI» – «BUNYODKOR» UCHRASHUVIDAN GALEREYA
MUHIM GʻALABA!