"NEFTCHI"

Professional futbol klubi

Илҳомжон Мўминжонов: Очколар йиғишда давом этамиз

 

– Бугунги ғалаба билан футболчиларни ва мухлисларимизни табриклаб қоламан. Рақибимизни ўрганиб чиқиб ўйинга астойдил тайёргарлик кўрган эдик.

Биринчи бўлимда йигитларимиз анча шошқалоқлик қилишди. Ҳужумда кўплаб хавфли вазиятларни яратишган бўлса ҳам голлар уриша олишмади. Иккинчи бўлимда улар анча ўзларига келишди ва биз берган кўрсатмаларни бажариб, стандарт вазиятдан гол киритишди. Кейинчалик ўйинни назорат остига олган ҳолда позицион ҳужумларни яратиб, бундан унумли фойдаланишди ва муҳим ғалабага эришишди. Агар ҳар бир яратилган вазиятдан фойдаланиб қолганимизда ҳисоб бундан ҳам йирик кўринишга эга бўларди. Лекин буни футбол дейдилар. 4:0 ҳисобидаги ғалабага ҳам шукурлар айтаман. Биз очколар йиғишда давом этиб, мақсад сари интиламиз.

 

Бугунги кунда кичик Дарко Станоевич, Абдул Азиз Юсупов ва Отабек Зокировлар билан дўстона хайрлашдик. Уларга ўйин амалиёти кераклиги учун бошқа жамоага ўтишади. Уларнинг ўрнини тўлдириш мақсадида бир нечта ўйинчилар билан музокаралар олиб борилмоқда. Агар бу келишувлар амалга ошмаса ўзимизнинг футболчилар билан курашни давом эттирамиз. Айтиб ўтилган уччала футболчига келгусида яхши жамоага ўтиб, ўйин амалиётига эга бўлишларини хоҳлар эдим.

 

Улуғбек Хошимовга келсак, у ҳали 20 ёшда ва аста-секинлик билан ўз ўйинини топади деб ўйлайман. Машғулотларда астойдил шуғулланишига қарамай, тажриба етишмовчилиги сабаб, расмий ўйинларда озгина шошиб қолмоқда. Ўйлайманки, мана шу беллашувлар орқали голлар уришни бошлайди ва келгусида яхши ҳужумчига айланади.

 

Марко Обрадовичга келсак, унинг жамоа билан йил охиригача тузган шартномаси мавжуд. Агар кейинги йилга яхши таклифлар келиб тушса бошқа жамоага ўтиши мумкин.Бу йил Обрадович ўзининг чиройли ўйини ва голлари билан барчамизни ҳурсанд қилади деган умиддаман. Биз эса очколар йиғишда давом этамиз- дейди, жамоа бош мураббийи.

 

«Нефтчи» матбуот хизмати

 

Улашинг: