Баҳор ва Наврўзи олам тантаналари футбол мавсумининг бошланишига уланиб кетди. Эртадан кейин Про лига жамоалари ўртасида Ўзбекистон чемпионатининг 2021 йилги расмий мусобақалари старт олади. Шу муносабат билан «Нефтчи» футбол клуби бош мураббийи Илҳомжон Мўминжонов билан суҳбатлашдик.
– Жамоани йил бошида қабул қилиб олдингиз.Шу кунгача жамоа янги мавсумга қандай тайёргарлик кўрганлиги ҳақида қисқача гапириб берсангиз.
– Жамоанинг биринчи йиғини Тошкентда бўлиб ўтди, шундан кейин январь ойининг ўрталарида иккинчи йиғин Фарғонада ўтказилиб, жамоа «Ҳоким Кубоги» мусобақасида иштирок этди. Турнир якунлангач февралда яна Тошкентга қайтдик. Ҳозирги кунда эса охирги тайёргарлик машғулотларини олиб бормоқдамиз. Хуллас, йиғинларга келадиган бўлсак, кўп футболчиларни жалб қилиб,кўрикдан ўтказдик. Уларнинг ичидан ўзимнинг тактик схемамга мос келган ўйинчиларни танладим. Бугунги кунда 25 та футболчи рўйҳатга киритилди. Ўйлайманки, бу йиғинлардан кўнглим тўлди.
– «Навбаҳор» клубини бошқарган пайтда бу жамоани Суперлиганинг энг пешқадам клублари сафига олиб чиққан эдингиз. Фарғоналик футбол мухлислари ҳам буни ҳамон эслаб юришади. Илҳомжон Ибрагимжанович ўша ибратли ишни Про лигада ҳам намойиш этса керак, деган фикр билдиришмоқда. Бунга нима дейсиз?
– «Навбаҳор»га келадиган бўлсак, бу жамоада икки мавсум мобайнида фаолият олиб бордим ва ажойиб натижага эришдим деб ўйлайман. Мураббийлар штаби билан яйраб, қувнаб ишладик. «Навбаҳор»да қилинган ибратли ишларни «Нефтчи»да ҳам амалга оширамиз. Ўйлайманки, бу йилги Про лига осон бўлмайди. Чунки рақобат кучайиб ётибди. Фарғоналик мухлисларимиз дуо қилиб туришса, «Навбаҳор»даги ғолибона ўйинларимизни намойиш этиб, «Нефтчи» учун Суперлига йўлланмасини қўлга киритамиз.
– Про лигада 22 март куни янги мавсум мусобақаларини «Нефтчи» Тошкентнинг «Олимпик» жамоаси билан бошлаб беради. Футболчиларимиз бу жамоа билан пойтахтда бўлиб ўтган назорат учрашувида ғалаба қозониша олмаган. Орадан бироз вақт ўтди. Эндиликда ҳолат қалай?
– 22 март куни «Нефтчи» ва «Олимпик» баҳси Про лига чемпионатини очиб беради. Бу учрашувга эътибор жуда кучли. Чунки, беллашув бевосита телевидение орқали жонли эфирда намойиш этилади. Яхши ўйин бўлади. «Олимпик» жамоасига энг кучли 18-20 ёшли терма жамоа аъзолари жалб қилинган. Уларнинг мақсадлари ҳам Суперлигага йўл олиш. Тўғри, бу жамоага февралда бўлиб ўтган назорат учрашувида ютқазиб қўйгандик. Лекин, бу ўртоқлик баҳси бўлганлиги боис биз футболчиларни ротация (алмаштириб-синаш) қилиб ўйнатдик. Шунинг учун йиғинлар мобайнида биз натижаларга қараганимиз йўқ. Мана шу 3 ой ичида олиб борган тайёргарлигимиз натижасини 22 март куни йигитларимиз ўз кучи билан кўрсатади, деган умиддаман.
– «Нефтчи»нинг асосий мақсади 2021 йилги мавсумда Суперлигага йўл олиш. Бу катта мақсадни амалга ошириш йўлида жамоага қандай имконият ва шароитлар яратиб берилган.
– Бу йил «Нефтчи»га ҳамма шароитлар яратиб берилган. Тошкент ва Фарғонадаги йиғинларимизда ҳамма имкониятларга эга бўлдик. Бунинг учун раҳбариятдан жуда жуда миннатдормиз. Жамоага керакли ўйинчиларни олдик. Мақсад битта – Суперлигага чиқиш. Мухлислар олдида юзимиз ёруғ бўлиши учун мураббийлар штаби билан фақат ғалаба учун астойдил меҳнат қиламиз.
– Янги мавсум олдидан мухлисларга тилакларингиз.
– Биласиз, «Нефтчи» жамоасининг мухлислари ўтган йилги ҳолатдан кейин 3 та ўйинга дисквалификация қилинган. Булардан 1 таси ўтиб бўлди. Ҳозирги кунда 2 та уй ўйинимизни мухлисларсиз ўтказишга мажбурмиз. Ҳа, мухлисларсиз қийин бўлади. Чунки, мухлислар билан ўйналганда футболчи ва мураббийларда адреналин (мадад) олиш турган гап. Энди мухлисларимиз фақат 5-турда «Хоразм» клубини қабул қилганимизда стадионда иштирок этишади.
Мухлисларга тилакларим шуки, ҳамиша «Нефтчи»ни қўллаб-қувватлашсин.Шу пайтгача «Нефтчи» Про лигага тушиб кетган бўлса ҳам фидойи мухлислари доимо бирга бўлишди.Мен ҳам буни сезиб турдим. Ўйлайманки,бу йил ҳам мухлисларимиз стадионни тўлдириб,сафар ўйинларимизга ҳам боришади. Чунки улар бизга далда бўлиб туришади.
Биз эса фақат мухлис учун ўйнаймиз. Шунинг учун, қадрдон мухлисларимиздан илтимос қилиб қоламан,ҳар бир ўйинимизни стадионга келиб,биз билан ҳамнафас бўлиб, йигитларимизни руҳан қўллаб-қувватлаб, мадад бериб туришса нур устига аъло нур бўларди.
Ҳаммаларига омад ва сиҳат-саломатлик тилайман.
«Нефтчи» ФК матбуот хизмати
Бошқа хабарлар
«NEFTCHI» – «NASAF» UCHRASHUVIDAGI GOLLAR VA XAVFLI VAZIYATLAR
«NEFTCHI» – «NASAF» UCHRASHUVIDAN FOTOREPORTAJ
VITALIY LEVCHENKO: «NASAF» JAMOASINI CHEMPIONLIK BILAN TABRIKLAYMAN «