НЕФТЧИ

Профессионал футбол клуби расмий сайти

Футбол академиясида учрашув

Фарғонадаги вилоят болалар ва ўсмирлар футбол академиясида "Нефтчи" футбол клубининг етакчи мутахассислари билан ёш футболчилар учрашуви бўлиб ўтди.

Фарғонадаги вилоят болалар ва ўсмирлар футбол академиясида «Нефтчи» футбол клубининг етакчи мутахассислари билан ёш футболчилар учрашуви бўлиб ўтди.

Президентимизнинг ўтган йил 4 декабрдаги «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида уюштирилган мазкур тадбирда «Нефтчи» ПФК бош мураббийи Абдусамад Дурмонов, дарвозабонлар бўйича мураббий Хислат Чилматов, таниқли футболчи Мансур Саидов, вилоят Жисмоний тарбия ва спорт қўмитасининг масъул мутахассислари Орзубек Қамбаров, Қудрат Назиров ва бошқалар иштирок этдилар.

Академия ўқувчи-тарбияланувчиларининг футбол сеҳрини қандай қилиб мукаммал ўзлаштириш керак деган саволларига Абдусамад Дурмонов жавоб берар экан, мамлакатимизда спортнинг бу оммавий тури ривожини жаҳон талаблари асосида юксак чўққиларга кўтариш масалаларига жиддий эътибор берилаётганлиги, бу борада вилоятимизда ҳам катта ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади. Хислат Чилматов эса ёш дарвозабонлар малакасини оширишда нималарга эътибор қаратиш масалаларига тўхталиб ўтди.

Футбол академиясининг директори Бек Беков академияда Президент фармонининг талаблари асосида иш қайта ташкил этилиб, ёшлар ва ўсмирлар футбол сирларини мукаммал эгаллашлари, назарий билимлар билан бирга амалий машғулотларда мунтазам чиниқиб боришлари, мусобақаларда вилоятнинг футбол анъаналари ва шарафини муносиб ҳимоя қилишлари учун етарли шарт-шароитлар яратилганлигини айтиб ўтди. Ўқувчи-тарбияланувчилар бугунги учрашув, савол-жавоб ва суҳбатларда катта таассурот олганликларини миннатдорчилик билан таъкидлади.

«Нефтчи» матбуот хизмати

Улашинг: