«НЕФТЧИ»

Профессионал футбол клуби расмий сайти

ЎЗПФЛ БАРЧА ФУТБОЛ МУСОБАҚАЛАРИНИ 15 АВГУСТГА ҚАДАР ТЎХТАТДИ

Карантин талаблари кучайтирилаётганидан келиб чиқиб, ЎзПФЛ ўз мусобақаларини тартибга солиб келди. Бунда ташкилот биринчи галда клублар дуч келиши мумкин бўлган муаммолар ҳамда футболчилар саломатлиги масаласини биринчи ўринга қўйди.

Биринчи галда Биринчи лига ва Аёллар чемпионати мусобақаси, кейинроқ эса футзал чемпионати номаълум муддатга қолдирилди. Coca Cola Суперлига ҳамда Про лига мусобақаси эса давом эттирилди. Орада вирус юқтириб олган футболчилар аниқлангач, ЎзПФЛ ҳар икки мусобақани августга қадар тўхтатишга қарор қилди.

Бугун — 27 июль куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси республикада карантин талаблари 15 августга қадар узайтирилганидан келиб чиқиб, мана шу муддат давомида футбол учрашувларини ўтказмаслик бўйича тавсия хатини тақдим этди. Яъни, терма жамоалар учун масъул ташкилот ҳам футболчилар саломатлиги масаласини биринчи планга олиб чиқди.

Ўз навбатида ЎзПФЛ ҳам мавжуд ҳолат, қолаверса, футболчи ва мураббийлар билан боғлиқ шароитлар, мамлакатимизда ҳукм сураётган карантин даври ҳамда ундаги мураккабликларни инобатга олиб, барча футбол мусобақаларини 15 августга қадар қолдирди. Барчамиз учун соғлигимиз биринчи ўринда.

Мусобақанинг қай тариқа тикланиши, тақвим ва формат қай кўринишда бўлиши масаласига кейинроқ ойдинлик киритилади. ЎзПФЛ оғир шароитда барча юртдошларимизга сабр, матонат ва саломатлик тилайди.

Manba: pfl.uz

Улашинг: