ФУТЗАЛ. ФАРРУХ ЗОКИРОВ ЖАМОАСИ ТАРИХ ЯРАТДИ!
18.11.2018
photo_2017-03-05_14-42-51

Футзал бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 2018-йилги мавсуми Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси учун омадли келди. Фаррух Зокиров шогирдлари жорий мавсум якунлари бўйича турнир жадвалида учинчи ўринни эгаллаб бронза медалларига эга чиқишди. Айтиш керакки, Фарғона футзали тарихида ҳали бундай натижа қайд этилмаган эди.

Сўнгги турда фарғоналиклар Тошкентда меҳмон бўлишди. “Бунёдкор”га қарши баҳс юритган Водий жамоаси илк ўйинда 5:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Ушбу беллашувда Хушнур Эркинов дубл қайд этган бўлса, Ҳусниддин Нишонов бир марта рақиб дарвозасига аниқ йўл топди.

Эртанги баҳсда меҳмонлар дастлабки ўйин натижаси шунчаки омадсизлик эканлигини исботлашди. Бугун бўлиб ўтган рақобатда “Нефтчи” “Бунёдкор” дарвозасига 7 марта аниқ йўл топди! Мезбонлар эса 3 марта жавоб голини киритишди. Ғулом Мамажонов ҳамда Ҳусниддин Нишоновлар дублга эришдилар. Шунингдек, Саид Ризо Миршарофов ҳамда Хушнур Эркиновлар ҳам ўз номларини қайдномага ёздириб қўйишди. Мавсум ўртасидан бошлаб “Нефтчи”нинг асосий дарвозабонига айланган Элёр Домлаев аллақачон мухлисларнинг ёқимтойига айланиб улгурди. Дарвозабон “Бунёдкор”га қарши сўнгги тур ўйинида пенальтидан гол киритиб, тарихий мавсумнинг сўнгги тўпига эгалик қилди. Якуний ҳисоб, 7:3, “Нефтчи” ғалабаси!

Беллашувдан сўнг фарғоналиклар катта мураббийи Бобурбек Мадаминов ортда қолган тарихий мавсум борасида ўз фикрларини билдириб ўтди:

– Биз янги тарих яратдик. Илгари Фарғона футзал жамоалари Республика миққиёсида бундай натижалар қайд этишмаган эди. Биз вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилганимиздан хурсандмиз. Очиғини айтиш керак, оғир мавсум ўтказдик. Йил ярмида жамоа сафини бир қатор маҳоратли футзалчилар тарк этишига қарамай янада олға бордик ва натижаларни яхшиладик. Эришилган муваффақиятларнинг барчаси меҳнатларимизнинг самарасидир. Шу ўринда, мавсум давомида бизни ҳар тарафла қўллаб-қувватлаб келган клубнинг футбол жамоаси бош мураббийи Баҳром ака Ҳайдаров, клуб раҳбариятидан Абдусамад ака Назирдинов ҳамда Зохид ака Ғофуровларга футзал жамоамизнинг хар бир аъзоси номидан раҳмат айтмоқчиман, – деди Бобурбек Мадаминов

“Нефтчи” матбуот хизмати

© "Fcneftchi.uz". Барча ҳуқуқлар химоя қилинган. Хар қандай маълумотлардан фойдаланилганда, сайтга йўлланма берилиши шарт. Ишлаб чиқилган “Saflor”.