Достон Тошматов: “Ҳали кўп голлар уриш ниятидаман”
19.08.2018
photo_2017-03-05_14-42-51

Ёзги трансфер чоғида  “Зомин”дан Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси сафига келиб қўшилган иқтидорли ҳужумчи Достонбек Тошматов секин-асталик билан фарғоналикларнинг асосий ўйинчисига айланиб бормоқда. Айни пайтда қисқа таътилга чиққан Тошматов билан боғланиб ундан интервью олдик.

Фарғоналиклар сафида киритган илк голингиз билан табриклаймиз. “Қўқон-1912″га қарши баҳс борасида суҳбатни бошласак. Умуман олганда, дербида ғолибликни қўлга киритиш учун асосий омил нима бўлди?

– Табрик учун раҳмат. Жамоага ғалаба келтирадиган голларни киритиш хамиша ёқимли бўлса керак. Ўзингиз гувоҳи бўлдингиз, вилоят дербиси жуда шиддитли кечди. Айни пайтда “Нефтчи” жамоаси ичидаги муҳит аъло дарадажа дейиш мумкин. Йигитлар жуда аҳил. Жамоага янги келган кезларим бутун жамоа мени қўллаб-қувватлаб ишонч билдирди. Шу сабаб, бор кучим билан фарғоналикларга ёрдам бериш иштиёқидаман. “Қўқон-1912″ни мағлуб этишимизнинг сири йўқ. Ҳаммаси жуда оддий бўлди. Хамжихат жамоадошларим билан ўйинда бор кучимиз билан ҳаракат қилдик ва сўнгги дақиқаларгача курашдик. Якунда эса меҳнатлар ўз самарасини берди.

Дербида илк голингизни киритдингиз. Бу эса “Нефтчи”га муҳим ғалаба келтирди.

– Аввалги ўйинларда ҳам гол киритишим керак эди.  Афсуски, ўша баҳсларда қулай имкониятларни кўп кўкка совурдим. Шу сабаб гол киритиш борасида жамоадошларим олдида бироз қарздор бўлиб қолгандим. Ҳали чемпионат давомида ўзимнинг тўпурарлик қобилятимни намойиш қилиб, жамоамиз ғалабаларига ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман.

Майдонда кўпроқ қайси жамоадошларингиз билан яхши чиқишиб кетингиз?

– Кимнидир алоҳида кўрсатиш қийин. Чунки барчамиз ўйинда бир мақсад йўлида тўп сурамиз. Бу ҳам бўлса “Нефтчи”нинг ғалабаси ва мухлисларнинг қувончи учун. Шерзод ака Ҳакимов жуда тажрибали ўйинчи ҳисобланади. Ҳужум чизиғида бундай тажрибали футболчи билан тўп суришнинг афзаллик томонлари кўп деб ўйлайман. Мен Ҳакимовдан кўп нарса ўрганяпман. Шунингдек, Абдураҳмон Абдулҳақов ҳам хамиша қулай узатмалари билан ажралиб туради.

– Фарғоналик мухлислар ҳақида нима дейсиз?

– Менга фарғоналик мухлислар жуда ёқди. “Нефтчи” мухлислари жуда талабчан экан. Хар қандай вазиятда ҳам бизни қизғин қўллаб-қувватлаб боришмоқда. Умид қиламанки, навбатдаги ўйинларда стадионимиз янада фарғоналиклар билан тўлиб тошади ва биз ҳам шунга яраша чиройли ўйин, ғалаба билан уларни хушнут қиламиз. Чунки футбол фақатгина мухлислар учун ўйналади. Ишқибоз халқи эса севимли жамоасидан ҳамиша ғалаба кутади.

Ҳожиакбар Жабборов суҳбатлашди

© "Fcneftchi.uz". Барча ҳуқуқлар химоя қилинган. Хар қандай маълумотлардан фойдаланилганда, сайтга йўлланма берилиши шарт. Ишлаб чиқилган “Saflor”.