Уруш фахрийлари ҳолидан хабар олинди
03.05.2018

Айни кунларда юртимизда 9 май умумҳалқ байрами – “Хотира ва Қадрлаш куни”нинг шукуҳи кезиб юрибди. Иккинчи жаҳон урушининг тугаганлигига, немис-фашистларнинг устидан Ғалаба қозонилганига 73 йил тўлаётган бўлсада, аммо ҳали-ҳануз уруш хотиралари юртдошларимиз онгу шуурида сақланиб келмоқда. Чунки, ушбу қонли жангу жадалларда биргина Ўзбекистонимизнинг ўзидан 500 мингдан зиёд энг сара йигит-қизлар иштирок этишган, уларнинг аксарият қисми жанггоҳдарда ҳалок бўлишган, қайтганлари эса майиб-мажрух, ногирон бўлиб қолишганди. Фронт орти деб аталмиш юртимизда эса турмуш ўртоқларини, ўғилларини, оталарини урушга жўнатган оналар, қиз-жувонлар, болалар ўта оғир шароитларда туну кун фронт учун меҳнат қилиб, Ғалабага улкан ҳисса қўшганлар.
Албатта, бугун буларнинг ҳаммаси тарихга айланиб улгурди. Бироқ, халқимиз ўзининг бу тарихини сира ёддан чиқармайди. Шунинг учун ҳам 9 май умумхалқ байрами – “Хотира ва Қадрлаш куни” деб белгиланиб, ҳар йили анъанавий тарзда шу кунлари Иккинчи жаҳон уруш қатнашчиларига алоҳида меҳр-мурувват, эътибор қаратилади, улар билан учрашувлар ташкил этилади, хотираларини тинглаш учун тадбирларга таклиф этишади. Аммо йиллар ўтган сайин Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари сони камайиб боряпти.

photo_2018-05-03_14-26-45

photo_2018-05-03_14-26-49
Бугунги кунга келиб, биргина Қувасой шаҳрининг ўзида 2 нафар уруш қатнашчилари қолди. Бири Намуна қишлоғида яшовчи 92 ёшли Каримбобо Мадалиев, иккинчиси эса Қувасой шаҳрининг ўзида истиқомат қилаётган 96 ёшли Ориф ота Мўминовлардир. Куни кеча “Нефтчи” профессионал футбол клуби раиси Мўйсинжон Дадажонович Меҳмоновнинг ташаббуси билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳолидан хабар олиниб, ҳар бирига ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида 1,5 миллион сўмдан хайрия пуллари, совға-саломлар, мева-ширинликлар ҳамда гулдасталар тақдим этилди. Бу каби тадбирлар клубимиз раҳбарияти ташаббуси билан шу кунларда яна давом этмоқда

“Нефтчи” матбуот хизмати

© "Fcneftchi.uz". Барча ҳуқуқлар химоя қилинган. Хар қандай маълумотлардан фойдаланилганда, сайтга йўлланма берилиши шарт. Ишлаб чиқилган “Saflor”.