“НЕФТЧИ” ФАҚАТ ОЛҒА ИНТИЛАДИ!
30.04.2018

Сўнгги йилларда ўз натижалари билан мухлисларни мамнун эта олмаётган Фарғонанинг “Нефтчи” жамоасининг омадсиз иштироки жорий мавсумда ҳам тақиб этиб келаётгани бор гап.  Айни пайтда кенг жамоатчилик ва мухлислар  клубни кескин танқид остига олгани бор гап. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам Фарғона вилоятининг бош жамоаси ҳамиша олға интилишда давом этади ва мазкур қалтис вазиятдан чиқиш бўйича барча имкониятларни ишга солади. Ҳозир эса жамоанинг жорий мавсумдаги омадсиз иштироки борасидаги масалаларга тўхталиб ўтамиз

СУПЕРЛИГАГА ҚАЙТИШ

Хўш, ўтган йили 15-ўринни қўлга киритган “Нефтчи” қандай қилиб яна 12 талик тизимга эга бўлган Суперлигага қайтди ? Барчасидан хабарингиз бор. Янги мавсум бошланишига 31 кун вақт қолганда “Нефтчи” жамоасининг чемпионатда иштирок этиши аниқ бўлиб улгурди. Бу вақтга келиб “Нефтчи” сафида атига 2-3 нафар тажрибали ўйинчилар ва ёшлар жамоаси вакиллари вақтинча шуғулланиб туришган эди. Янги мураббийлар штаби тасдиқлангач на Суперлигада на Про-лигада иштирок этишини аниқ билмаган, ҳали етарли даражада селекция ишларини амалга оширмаган, “Цементчи” жамоаси кўригида бўлиб турган кўплаб ўйинчилар “Нефтчи”га жалб қилинди… Шу тариқа янгиланган “Нефтчи” Суперлигага тайёргарликни бошлади!

Аслини олганда, Олий лига-2017нинг иккинчи давраси давом этаётган бир пайтда кўплаб клублар кейинги йилнинг ғамини ейишни бошлашади. Кимларни таклиф этамиз, қаерда йиғин ўтказамиз замиридаги саволлар билан навбатдаги мавсум учун режалар тузишни бошлашади. Юқори савияли, жамоани чин маънода кучайтира оладиган ўйинчилар декабрь ойидаёқ ўзларига янги жамоа топишган ёки бўлмаса амалдаги жамоалари билан шартнома имзолашга улгуришади. Гапни лўнда қилиб айтганда, ҳамма жамоа таркибини оптимал ҳолатга келтириб бўлган ва янгиланган Суперлиганинг бошқа талабларини якунлаётган бир пайтда Фарғона жамоаси ҳамон бўлғуси тақдирини кутаётган эди…

 ЯНГИ МАВСУМГА ТАЙЁРГАРЛИК ВА СЕЛЕКЦИЯ

Сал кам бир йил давом этадиган катта бир мавсумга жамоалар 3 ой давомида тайёргарлик кўришади. “Нефтчи” ихтиёрида эса атиги бир ой муддат қолган эди. Футболимизда йилнинг февраль ойи селекция жараёни учун деярли “тўхтаган” муддатга тўғри келади. Яъни, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, савияли ўйинчилар аллақачон жамоаси билан шартнома тузиб, хориж ёки пойтахт йиғинида иштирок этаётган бўлади. Чиқмаган жондан умид дея, “Нефтчи” ҳам селекция борасида бор имкониятларини ишга солди. Ўтган мавсумда клуб сафида тўп суриб, ўша кунлари бошқа жамоалар сафига қўшилиш арафасида бўлиб турган  Абдужамол Исроилов ҳамда Достон Турсунов сингари фарғоналик футболчилар яна ортга қайтарилди. Шу ўйинчилар мисолида, ўтган йиллар давомида Водийда тўп сурган футболчилар яна жамоага чорланди. Қисқа фурсат ичида, “Нефтчи” фақатгина битта “Ҳоким Кубоги” ва Тошкентда 10 кунлик йиғинда иштирок этди холос. Бу эса янги тузилаётган жамоа ўйинини шакллантириш ва футболчиларни кўрикдан ўтказиб олиш учун жуда оз муддат эди. Бу ҳолатни эса нафақат мутахассис, оддий футбол мухлиси ҳам яхши тушунса керак.

ЛЕГИОНЕРЛАР

“Нефтчи” қисқа фурсатли селекцияда 5 нафар легионерни кўрикдан ўтказди ва улардан икки нафари Вячеслав Сушкин ва Виталий Мирнийлар мураббийлар штабига маъқул келди. Ҳужжатлари билан боғлиқ муаммо туфайли, украиналик дарвозабон илк турни ўтказиб юборди. Ҳужумчи Сушкин билан эса кутилмаган воқеалар содир бўлиб кетди. Яъни, йиғинлар ва ўртоқлик ўйинлари чоғида ўзини ижобий тарафлама кўрсатишга муваффақ бўлган россиялик ўйинчи мавсум бошланишига кескин ўзгарди. 1-турда “Насаф”га қарши учрашувда 45 дақиқагина ҳаракатланган футболчи, йўқ жойдан жароҳатланганлар қаторини тўлдирди. Эмишки, ўйинчи йиғин чоғида жароҳат олган ҳамда тўлиқ соғайиб кетишига вақт керак бўлади. Юртимиздаги тиббиёт ходимларининг текширув натижасига кўра, Сушкин Ўзбекистонга эски, яъни, қайталаниб турадиган жароҳати билан келган. Ҳозирча, россиялик ўйинчи жиддий даволаниш билан банд. Афсуски, унинг тўлиқ ўйнаб кетишига ишонган вакилларимиз йиғиндаги бошқа ҳужумчиларнинг хизматларидан воз кечишди ва уларга жавоб бериб юборишганди.

САФАРОВ ВА АЪЗИМОВ

Самарқанднинг “Динамо” жамоасидан Фарғонага таклиф қилинган ҳужумчи Амиржон Сафаров ва универсал ярим ҳимоячи Жасур Аъзимовлар “Нефтчи”га келиши жамоани анча кучайтирган эди.  Айниқса Сафаров “Нефтчи”нинг олдинги чизиғида жуда ҳам муваффақиятли тўп сурди. “Ҳоким кубоги” ва ўртоқлик учрашувларида барчада яхши таассурот қолдирди. Ҳаттоки, клуб Сафаров ва Аъзимовни янги мавсум учун “заявка” ҳам қилди. Ушбу футболчилар жамоамизнинг пойтахтдаги ва Фарғонадаги барча йиғинларида таркибимизда тўлиқ иштирок этди. Шу сабабли ушбу икки футболчининг жамоамиз сафида қолишига деярли ҳеч кимда шубха йўқ эди. Шу жумладан, мураббийлар ҳам ишонган ва уларнинг ҳисобини ҳам олиб бўлган эдилар! Афсуски, чемпионат бошланишига бир кун қолганда янгича форматдан азият чеккан “Динамо” ушбу икки футболчилар билан амалдаги шартномаси тугамаганлигини сабаб қилиб, ўйинчиларни қўйиб юбормади ва қайтариб олдилар. Ҳужум чизиғида ҳаракат қилувчи Сафаров, Кубоки, Шевчук, Деребчинский, Бобожонов, Бердиев, Юсупов сингари ўйинчиларнинг тақдири ижобий ҳал бўлишига ишонган ва ҳужумчилар сони кўплиги сабаб мураббийлар штаби ўтган мавсум “Цементчи” сафида тўпурар бўлган Даврон Исақовни бошқа клубга қўйиб юборишди. Якунда эса…

ЖАРОҲАТЛАР

Бугунги кунда жуда кўплаб “Нефтчи” футболчилари жароҳатлари билан майдонда ҳаракат қилишмоқда. Мураббийлар штаби вазиятдан келиб чиқиб, мана шундай қарор қабул қилишга мажбур бўлишмоқда. Масалан, ҳужум борасида камчиликларга дуч келаётган “Нефтчи” мураббийлари жароҳатидан тикланиб, эндигина машғулотга чиққан Мурод Бобожоновни ҳали ўйинга тайёр бўлмай туриб майдонга  туширишга мажбур бўлишди. Ундан ташқари Достон Турсунов, Алишер Саматов, Шукур Пўлатовлар ҳам енгил жароҳати билан ўйнамоқда. Бу каби ўйинчилар кўп. Тўғри футболчилар тўлиқ тикланмасдан, жароҳати бўла туриб ўйнашда давом этиши уларнинг келгуси фаолиятлари учун хавфлилигини билсаларда жамоа манфаати учун катта ҳохиш билан майдонга чиқишмоқда. Буни шунчаки катта матонат, ўз касбимига бўлган юқори садоқатдан далолат дейиш мумкин.

 БИРИНЧИ ДАВРАДАН КЕЙИНГИ РЕЖАЛАР

“Нефтчи” ПФК раҳбарияти ўз мураббийларига ишонишда давом этади. Гарчи жамоа натижалари ижобий кўриниш олмаётган бўлсада, жамоада муҳими ўйин бор. Қисқа фурсатда тузилган жамоа учун “Нефтчи” ёмон ўйин кўрсатмаяпти. Ортда қолган баҳслар: “Насаф”, “Бухоро”, “Металлург” “Сўғдиёна”  ва “Навбаҳор”га қарши беллашувларда жамоа ҳужумкор ҳамда чиройли ўйин кўрсатиб, қандай кучга эга эканлигини намойиш қилди. Биринчи давра якунланганидан сўнг “Нефтчи” таркибни янада кескин кучайтиришга урғу беради. Бунинг учун жамоа мураббийлари аллақачон селекция ишларини бошлаб юборишган. Бу клубнинг айни пайтдаги энг устувор ва биринчи рақамли режаси бўлиб турибди.

ЖАМОА МУХЛИСЛАРИГА МУРОЖААТ

Азалдан ишқибозлик борасида “Нефтчи” миллий футболимизда етакчилик қилиб келгани ҳеч кимга сир эмас. Ҳамиша “Буюк чинорлар”нинг мухлислари ўз суюкликларини ёлғизлатиб қўйишмаган. Жамоа ғалаба қозонган пайтда ҳам  хаттоки Олий лигада қолиш учун курашаётган паллада ҳам бирдек “туриб берадиган” мухлисларимизнинг борлиги кишини қувонтиради. Гап айнан қайси мухлислар ҳақида кетаётганини ушбу жумлаларни ўқиётган фидойи ишқибоз ҳис этиб турган бўлса ажаб эмас. 2018-йилда Қудратилло Маҳмудов бошчилигида ўзлари учун “Жонкуяр мухлислар” номини расмийлаштирган мухлислар гуруҳи жорий мавсумда жамоани яна жадаллик билан қўллаб боришмоқда. Буни клуб раҳбарияти, мураббийлар штаби ва футболчилар жуда яхши ҳис этиб туришибди. Ҳа, ҳозир айнан уларнинг далдаси “Нефтчи”га ҳаммадан кўпроқ керак!

Барча соғинди ўша чемпион “Нефтчи”ни?! Тўғрими ? Фарғона “Марказий” стадионига яқинлашиб бориб, “бугун “Нефтчи” ижросида нечта гол кўрар эканмиз ?” дея қизғин муҳокамалар билан ўйингоҳга борадиган кунларни мухлислар қумсагани бор гап. Ўша йилларда қайд этилган натижаларда фарғоналикларнинг 12-ўйинчисини ҳиссаси улкан эди. 13-сектордаги муҳит бутун бошли стадионни ларзага келтирар, “Нефтчи”ни қўллаб-қувватлаб туришга чорларди. Ҳа, Фарғона жамоасига ишқибозларнинг мана шундай далдаси зарур. Ҳозирчи? “Истиқлол” секторларида жамоани қўллаб-қувватлаш ўрнига футболчиларни кескин ҳақорат қилиш йўлига ўтишган. Майдон текис, тўп юмалоқ. Унда хар қандай ўйинчи хато қилиши мумкин. Сўнгги пайтларда, “Нефтчи”нинг уй учрашувларида шундай ҳолатлар кузатиляптики, мухлислар майдон эгаларини ҳаттоки 90 дақиқа давомида ўз сўз бойлигидаги жамики “ибора”лар дан фойдаланиб, ўйинчиларга босим қилишмоқда. Ҳозир футболчилар майдонда нафақат рақиб билан балки мухлисларнинг босимига қарши ҳам курашишларига тўғри келмоқда. Майдонда Фарғона шарафини ҳимоя қилаётган ўйинчиларни айнан вилоятлик ишқибозлар томонидан яқинлари, ота-онаси ва қариндошларидан келиб бўралатиб сўкаётгани алам қилади. Бир марта хато қилгани учун бутун стадиондан сўкиш эшитган ўйинчи, иккинчи марта тўп учун курашда коптокка боришни ҳам истамай қолади. Фикр замирида, шу каби мухлислар босими жамоанинг руҳиятини тушишига янада “кўмак” бермоқда.

Шу ўринда “Нефтчи” жамоасининг баъзи бир қўштирноқ ичидаги “мухлислари”га мурожаат қилмоқчимиз! Сиз жамоани шундай оғир кунларида қандай қўллаб-қувватлаяпсиз? (агар қўллаб-қувватлаётган бўлсангиз), Жамоага шундай паллада далда бўлиш учун нималар қила олдингиз? Омадсизликнинг сабаби нимада эканлигини ҳеч ўйлаб кўрдингизми?

“Мухлислик маданияти” деган тушунча бор. Ушбу масалага, айниқса, жорий мавсумдан ЎФА томонидан алоҳида эътибор берилмоқда. Жумланинг аслида маъноси эса – ҳар бир жамоа мухлислари учрашув вақтида майдондаги хакамларга, рақиб футболчиларига ва рақиб мухлисларига ҳурматда бўлиши ҳамда ўзини маданиятли тутиши деган маънони англатади. Лекин рақиб футболчиларини эмас, ўз жамоаси футболчиларини, мураббийлари ва раҳбарларини учрашув давомида буралатиб сўкиб, барча ёмон сўзларни ўз жамоадошларига қарата, бутун Ўзбекистон эшитадиган қилиб ҳайқирадиган мухлисларни нима деб аташ мумкин?!

Ахир Сиз эмасми ўша январь ойида 15-ўрин билан тарихда биринчи марта Олий лигани тарк этиб, Биринчи лигага равона бўлган  жамоангизни ачиниш билан кузатишдан бошқа нарса қўлидан келмай турган?

Сиз эмасми Биринчи лига тугул, бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкин бўлган ва тарқатилиб юборилаётган “Нефтчи” жамоасини Про-лигада бўлса ҳам иштирок этишига рози бўлиб турган?

Наҳотки, ўша кунларни эсингиздан чиқариб юборган бўлсангиз? Наҳотки, жамоангизни шундай омадсиз кунларида далда бўла олмасангиз?! Шундоқ ҳам босим остида қолаётган ўз жамоангизга танқид фикрлар билан баттар босим қилсангиз?!

Балким бу гаплар кимгадир эриш туюлар, лекин бир нарсани унутманг!  Жамоага келган янги раҳбарлар ўз олдига “Нефтчи”нинг олдинги мавқеини қайтаришни мақсад қилиб келганлар ва бунга эришадилар ҳам иншооллоҳ. Лекин бунинг учун энг аввало ишонч, иштиёқ ва вақт керак. Олдимизда эса хали вақт бор. Футболчиларимизда эса иштиёқ катта! Буни ўтган бир неча учрашувларда кўрдик, лекин ўзига бўлган ишонч бир оз етишмаётганлиги ҳам кўриниб турибди. Камчиликлар устида иш олиб борилмоқда.

Юқоридаги фикрларни сизга бир баҳона сифатида қабул қилишингиз учун ёзмадик. Буни жамоага ишончсизлик билан қараётган ва ўзининг жамоасини ерга уриб, рақибларни олқишлаётган сохта мухлисларга шунчаки халақит қилмасликларини сўраб ёздик холос.  Футболчиларимизга ўзига бўлган ишончни ортишига ва босимни енгиб ўтишларига биргаликда кўмаклашайлик деймиз!

“НЕФТЧИ” МАТБУОТ ХИЗМАТИ  

 

© "Fcneftchi.uz". Барча ҳуқуқлар химоя қилинган. Хар қандай маълумотлардан фойдаланилганда, сайтга йўлланма берилиши шарт. Ишлаб чиқилган “Saflor”.