“Нефтчи” клуби “СА” эътирофида!
05.03.2018
photo_2017-03-05_14-42-51

Юртимиздаги энг оммабоп спортга ихтисослаштирилган championat.asia сайти Суперлиганинг 1-тури бўйича бир қатор номинацияларини аниқлади.

Тур дарвозабони – Абдумавлон Абдужалилов

Кўпгина ҳолларда турнинг, ойнинг ёки йилнинг энг яхши футболчилари аниқланади. Жорий мавсумдан бошлаб биз нафақат энг яхши футболчиларни, балки энг яхши дарвозабон номинациясини алоҳида эълон қиламиз. Чунки энг яхши футболчи номинациясида дарвозабонларнинг ғолиб чиқиш эҳтимоли майдонда ҳаракат қилаётган футболчиларникидан кўра кам. Шу боисдан ҳам дарвозабонлар ишига алоҳида эътибор қаратилади. Суперлиганинг 1-турида дарвозабонларга кўп ҳам иш топилмагани ҳақиқат. Аммо шундай бўлсада, “Нефтчи” посбони Абдумавлон Абдужалилов “Насаф”га қарши баҳсда жамоасини икки маротаба муқаррар голлардан сақлаб қолди. Шу сабабли, тур дарвозабони деб Абдумавлон Абдужалилов топилди.

Тур мухлислари – Фарғонада

Суперлиганинг 1-туридаги 6 учрашувда жами 80617 томошабин ташриф буюрди.
Энг кўп томошабин эса Фарғонадаги “Истиқлол” стадионига янада чирой бағишлади. “Нефтчи” – “Насаф” учрашувидаги шиддатли ва кескин курашли футболни янада безаб берган жиҳат бу албатта мухлисларнинг олқиши бўлди. Шу боисдан Суперлиганинг 1-турининг энг яхши ишқибозлар гуруҳи бу “Нефтчи” жамоаси мухлислари деб топилди. “Нефтчи” – “Насаф” учрашувини стадионда бевосита 19632 мухлис томоша қилди. Бу тур рекорди сифатида қайд этилди.

Тур ўйини: “Нефтчи” – “Насаф”

Суперлиганинг 1-турида бир қатор кескин курашларга бой учрашувлар бўлиб ўтди. Ҳақиқий голларга бой ўйин гувоҳига айланмаган бўлсакда, чемпионатнинг илк стартидаёқ жамоалар қизғин курашли футбол намойиш этишди. 1-турда яққол ажралиб турган ва қизиқарлилиги билан кўпчиликни охирги сонияларга қадар экран қаршисидан узоқлаштирмаган ўйин сўзсиз Фарғонада кечди. Бу баҳсда мухлислар гарчи гол кўришмаган бўлсада, ўйин сифати ва шиддати жуда юқори бўлди. Бежизга ушбу беллашув турнинг энг кўп огоҳлантириш кўрсатилган ўйинига айланмади.

Championat.asia сайти

© "Fcneftchi.uz". Барча ҳуқуқлар химоя қилинган. Хар қандай маълумотлардан фойдаланилганда, сайтга йўлланма берилиши шарт. Ишлаб чиқилган “Saflor”.