“Нефтчи” “Металлург”ни мағлуб этди
14.02.2018

Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси Тошкентдаги йиғин доирасида Бекободнинг “Металлург” жамоасини мағлубиятга учратди. Ўйинда 0:1 ҳисоби кузатилди.

Баҳс аввалидаги бир қатор эътиборга молик масалаларга урғу бериб ўтамиз. Куни кеча жамоа сафига келиб қўшилган Муродбек Бобожонов баҳсда иштирок эта олмади. Унда жиддий бўлмаган енгил жароҳат мавжуд. Бироқ Бобожонов бир кун олдинги машғулотларда тўлиқ қатнашди ва унинг саломатлигида муаммо йўқ. Шунингдек, Сергей Шевчук ҳам бироз бетоб. Шу сабабли ушбу футболчилар “Металлург” билан ўйинда иштирок эта олмади.

Жамоа сафига янги футболчилар қўшилди. Ўтган мавсумлар давомида Фарғона клубида фаолият олиб борган дарвозабон Абдумавлон Абдужалилов яна клубга қайтди. Шу қатори тажрибали ҳимоячи Аваз Агалиев ҳамда “Машъал”даги ўйинлари орқали фарғоналик мухлисларга яхши таниш бўлган Искандар Шойқулов “Нефтчи” жамоасига қўшилди.

Ўйин ҳақида гапирадиган бўлсак, “Нефтчи”га келгани кўп бўлмаган украиналик ҳужумчи Олександр Деребчинський баҳсни асосий таркибда бошлади ва илк ўйинини ўтказди. Ўйиндан бир кун аввал Қибрайда ёмғир ёққан учун майдоннинг ҳолати яхши эмас эди. Шу сабабли футболчилар ўйинни ташкиллаш, умуман олганда ўз имкониятларини кўрсатиш борасида қийинчиликларга дуч келишди.

Учрашувнинг дастлабки 20 дақиқасида “Металлург” жамоаси устунликка эга бўлди. Лекин тайм ўрталарига келиб “Нефтчи” устунликни қўлга ола бошлади ва кетма-кет ҳужумларни амалга оширди. Бироқ биринчи бўлимда ҳисоб очилмади. Иккинчи бўлимда мураббийлар Ю Кубоки,  Деребчинський ва Абдулҳақовга дам беришди. Заҳирадан янги кучлар қўшилди. Анвар Бердиев, Элёр Мамасолиев ҳамда Сунатилло Эрматовлар ўйиннинг иккинчи қисми қаҳрамонларига айланишди. Бевосита Элёр Мамасолиев бир неча марта рақиб дарвозабони билан бирга-бир вазиятга чиқиб кетган бўлса, Анвар Бердиевда ҳам қулай вазиятлар юзага келди.

Вазиятларнинг бирида Элёр Мамасолиев “Металлург” жарима майдончасига ёриб кирди. Бироқ уни бекободлик ҳимоячилар ўта қўполлик билан тўхтатишди. Вазиятни ҳакам пенальти деб баҳолади. 11 метрлик нуқтага яқинлашган Аббос Махсталиев тўпни юқорига тепиб юборди ва вазиятдан фойдалана олмади. Аммо кейинчалик Аббос барибир ўз айбини ювди. Тезкор футболчи қанотдан жарима майдончасига кириб борди ва марказда турган Анвар Бердиевга тўпни ташлади.  Бердиев эса бор кучи билан дарвоза томон зарба берди. Дарвозабон бу зарбани қайтаришга ожизлик қилди. 0:1

Ўйиннинг қолган дақиқалари ҳам ҳужумларга бой ўтди. Бироқ бошқа гол кузатилмади.

“Нефтчи” мураббийлари ўйинда қуйидаги таркибдан фойдаланишди

Асосий таркиб: Виталий Мирный, Жалил Кимсанов, Шукурали Пўлатов, Аваз Агалиев, Даврон Маматов, Аббос Махсталиев, Абдужамол Исроилов, Абдураҳмон Абдулҳақов, Абдулазиз Юсупов, Александр Деребчинский, Ю Кубоки

Захира: Фаррух Турдалиев, Абдумавлон Абдужалилов, Жамшид Қобилов, Авазбек Ўлмасалиев, Элёр Мамасолиев, Отабек Аҳмаджонов, Сунатилло Эрматов,  Анвар Бердиев

 

“Нефтчи” ПФК матбуот хизмати

© "Fcneftchi.uz". Барча ҳуқуқлар химоя қилинган. Хар қандай маълумотлардан фойдаланилганда, сайтга йўлланма берилиши шарт. Ишлаб чиқилган “Saflor”.