“Нефтчи” футболчилари билан интервью
13.02.2018

Сергей Ковшов бош мураббийлигидаги фарғоналиклар Тошкентда йиғин ўтказмоқда. Куни кеча клуб расмий сайти ходимлари жамоанинг бир қатор футболчилар билан интервью ташкил этишди.

Жасур Азимов: Биринчи ўринда “Нефтчи” жамоаси футболчисига айланганимдан хурсандман. Мураббийлар менга ишонч билдиришмоқда. Бунинг учун уларга раҳмат. “Навбаҳор” билан қийин ўйин ўтказдик. Қишки йиғинда жамоа кўригида бўлиб турган барча ўйинчилар ўзини кўрсатишга ҳаракат қилади. Шуни ҳисобга оладиган бўлсак, наманганлик футболчилар ҳам бизга қарши бор кучлари билан тўп суришди. Янги жамоа ташкилланмоқда. Секин-аста футболчилар бир-бирини тушуниб боради. Янги мавсумдан умидимиз катта.

Амиржон Сафаров: “Навбаҳор”га қарши ўйин осон ўтмади. Афсуски, кўплаб вазиятлардан фойдалана олмадик. Агар голли вазиятларни муваффақиятли якунлаганимизда баҳс бошқача руҳда кечиши ҳам мумкин эди. Тошкентдаги илк назорат ўйинлари бўлгани учун йигитлар бироз бир-бирларини тушуниб ҳаракат қилишга қийналишди деб ўйлайман. Бу вақтинча ҳолат. Мазкур жараёндан ўтиб олсак, ҳаммаси яхши бўлади. Кучли таркиб шаклланмоқда. Наманган жамоаси ҳам ёмон эмас. Анча йиллардан бери бир хил таркиб ўйнаб келмоқда.

Суннатилла Эрматов: Янги мавсумга тайёргарлик яхши кечяпти. Клуб томонидан футболчиларга барча шароитлар яратиб берилган. Йиғинлар чоғидаги ўртоқлик баҳслари мураббийлар учун жуда фойдали бўлади. Шу орқали улар кўрикдаги футболчиларнинг имкониятларига баҳо беришади. Олдинда “Нефтчи”ни яна бир қатор баҳслар кутмоқда. Биз галдаги ўйинларда ғалаба қозонишни истаймиз албатта. Бу орқали фарғоналик мухлисларни хурсанд қилмоқчмиз. Футболда энг муҳими ғалаба ҳисобланади.

“Нефтчи” матбуот хизмати

 

© "Fcneftchi.uz". Барча ҳуқуқлар химоя қилинган. Хар қандай маълумотлардан фойдаланилганда, сайтга йўлланма берилиши шарт. Ишлаб чиқилган “Saflor”.