“Нефтчи” – “Навбаҳор” баҳсида кучлар тенг келди
12.02.2018

Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси Тошкентдаги дастлабки ўртоқлик баҳсида “Навбаҳор”га қарши майдонга тушди. “Водий дербиси”да кучлар тенг келди. 1:1.

Шу куни “Нефтчи” кўригида бўлиб турган икки легионер футболчи майдонга тушди. Улар украиналик Сергей Шевчук ҳамда япониялик Ю Кубоки илк марта “Нефтчи” сафида ҳаракатланишди.

Ўйин гарчи ўртоқлик мақомига эга бўлсада қизғин кураш ва ҳужумларга бой ўтди. Бироқ биринчи бўлимда хар иккала жамоа футболчилари ҳам вазиятлардан фойдалана олишмади.

“Нефтчи” мураббийлари иккинчи бўлимда бир қатор ўзгаришларга қўл уришди. Ўзгаришлар эса ўз сўзини айтди. Заҳирадан майдонга тушган футболчилар “Нефтчи” ҳужумларини янада фаоллаштирди. Иккинчи бўлимда ўйинга қўшилган япониялик легионер Ю Кубоки бошлаб берган ҳужумни Абдул Азиз Юсупов гол билан якунлади. Ушбу вазиятда Юсупов бир неча ҳимоячиларни моҳирлик билан алдаб Наманган жамоа дарвозасини аниқ нишонга олди.

Бироз ўтиб Авазбек Ўлмасалиев жарима майдончаси ичида наманганлик футболчига нисбатан қоида бузди. Ҳакам “Нефтчи” дарвозасига пенальти белгилади. Ушбу вазиятда “Нефтчи” посбони Виталий Мирный пенальти йўналишини аниқ топди ва тўпни қайтарди.

Мажбурий ўзгариш содир бўлди. Бироз аввалги вазиятда рақиб билан тўқнашиб кетган Авазбек Ўлмасалиев ўз ўрнини Жамшид Қобиловга бўшатиб берди. Айнан Қобилов жарима майдончаси яқинида рақиб футболчисига нисбатан қоида бузди ва яна пенальти. Бу сафар “Навбаҳор” имкониятни кўкка совурмади. 1:1

Ҳисоб дуранг кўринишига келганидан сўнг ўйин янада қизғин тус олди. Айниқса Ю Кубоки  бир неча марта дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб кетди. Баъзи вазиятларда япониялик легионернинг зарбаларига аниқлик етишмаган бўлса бошқа ҳолларда рақиб дарвозабони маҳорат кўрсатди. Шундай қилиб, “Нефтчи” – “Навбаҳор” баҳсида кучлар тенг келди.

photo_2018-02-12_14-45-22

“Нефтчи”  мураббийлари баҳсда қуйидаги таркибдан фойдаланишди.

Асосий таркиб: Виталий Мирный, Жалил Кимсанов, Ҳусниддин Ғофуров, Шукур Пўлатов, Авазбек Ўлмасалиев, Жасур Азимов, Абдужамол Исроилов, Абдураҳмон Абдулҳақов, Сергей Шевчук, Анвар Бердиев, Амиржон Сафаров

Заҳира: Фаррух Турдалиев, Даврон Маматов, Жамшид Қобилов, Аброр Исмоилов, Сунатилло Эрматов, Элёр Мамасолиев, Абдулазиз Юсупов, Даврон Исақов, Ю Кубоки

Эслатиб ўтамиз, “Нефтчи” 14 февраль куни “Металлург”га қарши навбатдаги ўртоқлик баҳсида майдонга тушади.

 

© "Fcneftchi.uz". Барча ҳуқуқлар химоя қилинган. Хар қандай маълумотлардан фойдаланилганда, сайтга йўлланма берилиши шарт. Ишлаб чиқилган “Saflor”.