Ҳусниддин Ғофуров: “Нефтчи” юқори мақсадларни кўзлаган клуб”
07.02.2018

Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасидан ижарага олинган иқтидорли ҳимоячи Ҳусниддин Ғофуров Супер лига-2018да “Нефтчи” шарафини ҳимоя қилади.  Яқинда жамоа билан шартнома тузган Ғофуров Фарғона клуби расмий сайтига интервью берди.

– Асосий мақсадимиз “Нефтчи”ни юқори ўринларга олиб чиқиш ҳисобланади, – деб гап бошлади Ғофуров

– Фарғонадаги тарихий жамоа ҳақида барча яхши билади. Унинг шонли тарихидаги натижаларини такрорлаш бизнинг устивор вазифамиз этиб белгиланган. Жамоа мураббийлари билан гаплашдик. Улар менга ишонч билдиришларини айтишди. Албатта уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламан.

Очиғи, “Пахтакор” билан шартнома тузганимдан сўнг Супер лиганинг бир қатор клублари мени ижарага олиш таклифи билан чиқишди. Улар қаторида “Нефтчи” ҳам бор эди. Хеч иккиланиб ўтирмасдан “Нефтчи”ни танладим.  Чунки бу жамоа мен учун қадрли ҳисобланади.

“Нефтчи” мухлислари бизни қўллаб-қувватлашларини истардим. Футбол мухлислар учун. Биз айнан ишқибозларимизнинг хурсандчилиги учун майдонга ғалаба илинжида чиқамиз. Улар янги мавсумда жамоамизнинг ҳақиқий 12-ўйинчиси бўлишларига ишонаман, – деб фикрларини якунлади Ҳусниддин Ғофуров

© "Fcneftchi.uz". Барча ҳуқуқлар химоя қилинган. Хар қандай маълумотлардан фойдаланилганда, сайтга йўлланма берилиши шарт. Ишлаб чиқилган “Saflor”.