ОАВда тарқалган хабарларга “Нефтчи” ПФКнинг муносабати
30.12.2017
photo_2017-03-05_14-42-51

Бугун юртимиздаги бир қатор спортга ихтисослаштирилган сайт ва ижтимоий тармоқларда “Нефтчи” клубининг тарқатиб юборилиши ёки клубнинг бош ҳомийси ФНҚИЗ жамоа ходимларини ишдан олгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. “Нефтчи” клуби мазкур маълумотларни тўлиқ асоссиз дея баҳолайди.
Ҳақиқат ҳам 29 декабрь куни Қиргулидаги қароргоҳда ФНҚИЗ ва клуб ходимлари ўртасидаги учрашув бўлиб ўтди. Унда завод раҳбарияти биринчи ўринда жамоа вакилларини кириб келаётган Янги йил байрами билан самимий табриклаб, “Нефтчи” жамоасига 2018-йилги мавсумда омад ва зафарлар ёр бўлишини тилади.
Шундан сўнг кун тартибидаги иккинчи масалага тўхталиб ўтилди. Яъни январь ойидан бошлаб “Нефтчи” клубида янги штат сеткаси ишлаб чиқилади. Шу сабабли, бугунги кунга қадар жамоада меҳнат қилиб келган барча ишчи-ходимлар ФНҚИЗ ихтиёрига ўтказилди. Улар меҳнат жараёнларини завод ходими сифатида давом эттиришлари мумкин бўлади.
“Нефтчи” клуби раҳбарияти январь ойидан бошлаб янги штат сеткаси асосида бир қатор ходимларни яна клубга қайтаради.  Жамоа футболчилари айни пайтда таътилга чиқишган. “Нефтчи” футболчилари 5 январдан тайёргарликни бошлашади. 10 январгача эса тайёргарликнинг навбатдаги босқич режасига аниқлик киритилади.

“Нефтчи” матбуот хизмати

© "Fcneftchi.uz". Барча ҳуқуқлар химоя қилинган. Хар қандай маълумотлардан фойдаланилганда, сайтга йўлланма берилиши шарт. Ишлаб чиқилган “Saflor”.