Алишер Шоғуломов: “Абрамовнинг ўйин услуби менга жуда ёқади”
23.07.2017
фон

Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси 23 июль куни “Сўғдиёна”га қарши навбатдаги назорат баҳсини ўтказди. Ўйинда 2:2 натижаси қайд этилди. Вадим Карленович жамоасидан Шерзод Ҳакимов ҳамда Мўйдин Мамазулумовлар рақиб дарвозасини ишғол этишди. Бу учрашувда “Нефтчи” бош мураббийи аксар ўйинчилар қатори Алишер Шоғуломовга ҳам дам берди. Учрашувни томошабин сифатида кўрган футболчидан ўйиндан сўнг клуб расмий сайти учун интервью олдик.

– Алишер ака,  “Нефтчи” сафига қўшилганингизга маълум бир вақт бўлди. Таассуротлар қандай ? Тошкентдаги тайёргарлик жараёни борасида ўз фикрларингизни билдирсангиз. 

– Тошкентда жуда хам қизғин тайёргарлик жараёни давом этмоқда. Машғулотларда кўпроқ тўп билан муомила қилишга урғу бериляпти. Шунингдек жамоа учун фойдали бўлган бир қатор ўртоқлик баҳсларида иштирок этдик. Умуман олганда иккинчи даврага қизғин хозирлик кўряпмиз.

photo_2017-07-13_17-50-26

– Ҳозиргача Тошкентда 3 та ўртоқлик учрашуви ўтказилди ва 3 хил натижа қайд этилди. Ортда қолган беллашувлар борасидаги фикрларингиз ?

Очиғи,  “Қизилқум” билан ўйинда чин маънода ўзимизга “ўхшамадик”. Чунки оғир машғулотлар жараёнидан сўнг бу ўйинда иштирок этиш қўшимча босим туғдирди. Албатта бу мағлубият учун баҳона бўла олмайди. Лекин “Қўқон-1912″га қарши баҳс нисбатан бошқача кечди. Учрашувда мураббийлар берган кўрсатмаларни тўлиқ бажардик ва муваффақиятга эришдик. “Сўғдиёна”га қарши ўйинда эса ўтган учрашувдаги футболчиларга дам берилди. Жиззахликларга қарши беллашув ҳам қизғин кечди. Афсуски, сўнгги дақиқаларда ғалаба қўлдан чиқарилди. Умуман олганда, “Сўғдиёна” билан ўйинда ҳам жамоамиз яхши ўйин кўрсатди.

– Янги жамоа таркибидаги мақсадларингиз билан ўртоқлашсангиз,  Фарғонада бошланаётган фаолиятингиздан нималар кутяпсиз ?

– Албатта яхши ниятлар билан “Нефтчи”га келдим. Мен Вадим Карленовичнинг таклифи билан фаолиятимни Фарғона клуби билан боғлаяпман. Бу мураббийни қандай даражадаги мутахассис эканлигини барча яхши билади. Бевосита ҳужумчи сифатида Вадим Карленовичнинг футбол фалсафалари менга жуда ёқади. Насиб қилса, иккинчи даврада кўплаб голлар уриб мухлисларни хурсанд қилмоқчиман.

– Янги жамоадошларингиздан қайси футболчиларни алоҳида эътироф этасиз?

– Мансур Саидов, Мўйдин Мамазулумов ва Шерзод Ҳакимовларни алоҳида айтиб ўтишим мумкин. Ўйинларда ушбу жамоадошларим билан бир-биримизни жуда яхши тушуниб ҳаракат қиляпмиз. Умуман олганда жамоамизда хар бир футболчини мана шундай алоҳида эътироф этиш мумкин. Вадим Абрамов иккини давра олдидан яхши жамоа шакллатирмоқда.

– “Нефтчи”га рақиб сифатида кўп тўқнаш келгансиз. Бироқ кунлар келиб Фарғона клуби шарафини ҳимоя этиш ҳақида хеч ўйлаганмисиз ёки бу жамоага ўтиш варианти аввал ҳам бўлганми ?

Юрий Саркисян  даврадан бери “Нефтчи”га қизиқиб келардим. Ўша даврлари хар бир етишиб чиқаётган ёш футболчи “Нефтчи”дек жамоада ўйнашни орзу қиларди. Ҳа албатта, “Нефтчи” жамоасида ўйнаш истаги аввал ҳам бўлган. Мана эндиликда жамоа футболчиси сифатида фаолиятимни давом эттираман

Ҳожиакбар Жабборов суҳбатлашди

 

© "Fcneftchi.uz". Барча ҳуқуқлар химоя қилинган. Хар қандай маълумотлардан фойдаланилганда, сайтга йўлланма берилиши шарт. Ишлаб чиқилган “Saflor”.