“Норин” мағлуб этилди
13.07.2017
фон

13 июль куни Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси ўз майдонида Биринчи лига вакили “Норин”ни қабул қилди. Қиргулида бўлиб ўтган ўртоқлик учрашувида фарғоналиклар 3:1 натижасида ғалабага эришишди.

Вадим Абрамов давралар оралиғидаги йиғиннинг илк қисмига бир қатор янги футболчиларни таклиф қилган ва уларни синовдан ўтказмоқда. “Норин”га қарши беллашувда Вадим Карленович икки хил таркибни майдонга туширди. Биринчи бўлимда нисбатан тажрибали ўйинчилар майдонга туширилган бўлса навбатдаги бўлимда кўрикда бўлиб турган ва бир қатор ёш футболчиларга имконият берилди.

Дастлабки бўлимда ҳисоб очилмади. Бироқ илк таймда “Нефтчи”да ҳисобни очиш учун қулай имкониятлар юзага келди. Ярим ҳимоя чизиғида фаол ўйин кўрсатган Мансур Саидов учрашув давомида Мўйдин Мамазулумов, Бахтиёр Ёқубов ва Ризо Айвазовларни жуда қулай вазиятларга чиқиб боришига имконият яратиб берди. Шунингдек, қанотда ҳаракатланган тажрибали Жасур Ҳасанов ўз услубида рақиб зонасига бир-неча маротаба хавфли рейдларни амалга оширди. Ёшлар жамоасидан асосий таркибга жалб қилинган Аброр Исмоилов ҳам мазкур баҳсда ўз ҳисобига гол ёзиб қўйиши мумкин эди. Лекин унинг очиқ дарвозага берган зарбаси анча юқорилаб кетди

Баҳсни томоша қилиш учун Қиргулидаги стадионга бир қанча ишқибозларни ташриф буюрганини ҳам айтиб ўтиш мумкин.

Иккинчи бўлимда асосий голлар киритилди. Тайм бошида меҳмонлар жарима тўпидан Абдумавлон Абдужалилов дарвозасини аниқ нишонга олишди. Шундан сўнг жавоб тўплари бошланди. Дастлаб Отабек Ҳайдаров қанотдан ташлаб берилган узатмани дарвозага жойлаб қўйган бўлса, иккинчи бўлимда майдонга тушган яна бир ҳужумчи Алишер Шоғуломов ҳам ўз ҳисобига битта гол ёзиб қўйди. Учинчи тўп эса авто гол сифатида киритилди. Темур Ҳакимов қанотдан катта тезликда олдинга ўтди ва тўпни жарима майдончасига ташлади. Бу вазиятда рақиб ҳимоячиси тўпни чиқариб юбориши чоғида жуда қўпол хатога йўл қўйди ва ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди. Якуний ҳисоб 3:1, “Нефтчи” назорат баҳсида муваффақият қозонди.

Эслатиб ўтамиз, “Нефтчи” 15 июль куни Қиргулида яна бир ўртоқлик баҳсида иштирок этади. Шу куни “Ёзёвон-Лочинлари”  жамоаси “Нефтчи”га рақиблик қилади.

“Нефтчи” матбуот хизмати

photo_2017-07-13_18-30-06

photo_2017-07-13_17-50-26

photo_2017-07-13_18-30-32

photo_2017-07-13_18-31-00

photo_2017-07-13_18-32-24

photo_2017-07-13_18-32-58

© "Fcneftchi.uz". Барча ҳуқуқлар химоя қилинган. Хар қандай маълумотлардан фойдаланилганда, сайтга йўлланма берилиши шарт. Ишлаб чиқилган “Saflor”.