Музаффар Музаффаров: “Навоийдаги ўйин менга жуда ёқди”
19.05.2017
фон

Навоийда бўлиб ўтган “Қизилқум” – “Нефтчи” (2:2) баҳсидан сўнг фарғоналиклар аъзоси Музаффар Музаффаров ўйин ҳақида фикр билдирди.
– Дастлаб ўйин борасидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз ?

– “Қизилқум”га қарши баҳсга жиддий хозирлик кўрдик. Рақиб номдор ва тажрибали ўйинчиларга эга эканлиги барчамизга яхши маълум. Шунга қарамай, ўтган турдаги ғалабадан руҳланган ҳолда сафарга уч очко ниятида бордик. Тезкор гол уришга эришдик ва бўлим охирида ҳам навбатдаги голга эгалик қилдик. Хаттоки, навоийлик мухлислар ҳам ғалабамизга шубҳа қилмаганди десам муболаға бўлмайди. Ўйин менга жуда ёқди. Йигитлар Навоийда ўтган учрашувларга нисбатан яхши ҳаракатланишди. Бироқ иккинчи бўлимда ғалабани сақлаб қола олмаганимиз ёқимсиз бўлди.

– “Қизилқум” Навоийда жуда кучли ўйин намойиш этади. Ўйин бошида киритилган тезкор гол ва умуман мазкур омадли старт ҳақида нима дейсиз ?

– Футболчи учун гол уриш энг ёқимли ҳолат саналади. Тезкор гол уриб жамоага фойдам текканидан хурсандман. Тўғриси ўйинни кечроқ вақтга қўйилгани сабабли йигитлар ҳам беллашувдан завқ олиб ҳаракат қилишди. Чунки учрашув вақти футбол ўйнаш учун жуда қулай вақтга белгиланди. “Обод” билан Фарғонада кечган сўнгги уй ўйини жуда эрта вақтга тўғри келганди. Шу сабаб, ўйинимиз чиқмаганди. Энди “Навбаҳор” билан баҳсни қулай вақтга белгилашади деб умид қиламан.

– “Нефтчи” жамоаси 23 май куни Фарғонада “Навбаҳор”га қарши навбатдаги дербида иштирок этади. Учрашувдан нималар кутяпсиз ?

– “Нефтчи”нинг мақсади битта – ҳамиша ғалаба қозониш! Ҳа, наманганликларга қарши беллашув ҳам қизғин ўтиши аниқ. Ҳали мухлисларни стадионга қайтарамиз. Мен бунга ишонаман, – деди Музаффаров.

“Нефтчи” матбуот хизмати

© "Fcneftchi.uz". Барча ҳуқуқлар химоя қилинган. Хар қандай маълумотлардан фойдаланилганда, сайтга йўлланма берилиши шарт. Ишлаб чиқилган “Saflor”.