Ҳаким Файзиев қандай лойиҳани амалга оширмоқчи ?
07.10.2017
photo_2017-10-07_12-10-31

Узоқ йиллардан бери Фарғона футболида фаолият олиб бораётган Ҳаким Жўраевич Файзиевни фарғоналик мухлислар яхши билишади. Жонкуяр футбол мутахассиси жорий йилнинг ярмидан бошлаб Фарғона вилоят футбол федерацияси вице-президенти лавозимида ишлаб келмоқда. Куни кеча Ҳаким Файзиев билан учрашиб,  “Нефтчи” футбол клубининг расмий сайти учун интервью олишга муваффақ бўлдик. Мутахассис суҳбат давомида вилоят футбол федерацияси томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида, шунингдек вилоятдаги иқтидорларни катта футболга жалб қилиш тўғрисидаги лойиҳаси билан бизни таништирди.

– Спорт соҳасига кириб келишим “Нефтчи” Спорт мажмуасидан бошланган, – дея гап бошлади Ҳаким Жўраевич.

– 2011-йили  эса Фарғона вилоят футбол федерациясига мутахассис сифатида келдим. Кейинроқ ижрочи директор лавозимига ўтдим. Умумий қилиб айтганда, федерацияга кириб келишимнинг қисқача тарихи шундай бўлган.  Биласизми, Фарғона футболи иқтидорларга жуда ҳам бой ҳисобланади. Фақатгина, уларни вақтида пайқаш ва тўғри йўналиш кўрсатиш биз каби мутахассисларнинг вазифаси саналади. Қайсидир ҳудуд футболини ривожлантириш учун биринчи галда болалар футболига эътибор қаратиш лозим деб биламан. Ҳозирги кунда вилоятимиздаги БЎСМнинг ишини ўрганяпмиз. Улар болаларга футболнинг сир-асрорларини қандай ўргатишмоқда ? Барча ишлар тўғри йўлга қўйилганми? Ёш иқтидорлар учун керакли шарт-шароитлар яратиб берилганми? Хуллас, шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида вилоятдаги барча шаҳар ва туманларга ташриф буюряпмиз.

photo_2017-10-07_12-10-31

Тошлоқ туманига бордик.  Ишлар анча яхши йўлга қўйилган. Болалар футбол тўгараклари самарали иш кўрсатмоқда. Қўқон шаҳри ва Учкўприкка ҳам сафар қилдик. Уларнинг ишлари ҳам чакки эмас. Учкўприкда Эркинжон Орипов бошчилигида болалар футболи учун база ташкил қилинган. Ўғил ва қиз болалар учун алоҳида футбол майдонлари, ечиниш ва ювинишлари учун барча шароитлар яратиб берилган. Машғулотлар майдонининг сифати ҳам мени қониқтирди. Аслини олганда, болалар футболи учун шароит мана шундай бўлиши керак. Шу ҳолатда мураббий ҳам ёш футболчилар ҳам жараёндан чинакамига завқ олади. Акси бўлсачи ? Майдоннинг ҳолати ёмон, машғулот ҳудудида ортиқча одамларнинг бўлиши ва болалар сонини керагидан кўплиги иш сифатини йўқотади. 30 та болани жамлаб олиб, битта мураббий уларга нима бера олади ? Айтарли хеч нарса! Бу ҳолат қуруқ тўпни болаларга бериб, майдонга қўйиб юборгани билан тенг. Мен бу фикр билан болалар сонини қисқартирилиши керак демоқчи эмасман. Аксинча, болаларни кўпроқ футболга жалб қилиш лозим. Лекин уларнинг ёшига қараб алоҳида гуруҳларга бўлиб ўтиш лозим бўлади. Тўғри, футболда ҳар бир бола билан индивидуал шуғулланиш қийин масала саналади.  Чунки 14-15 нафар болалардан қайси бири билан алоҳида шуғуллансин? Бунинг бошқа йўли бор. Ҳар бир гуруҳда барибир 2-3 та иқтидорли ижрочи бўлади. Яъни, унинг устида ишласа келажакда яхши футболчи етишиб чиқиши мумкин бўлган ёш иқтидорларга алоҳида эътибор қилиш лозим. Боланинг ота-онасини чақириб: “ҳурматли ота-она, болангиз жуда иқтидорли, уни албатта футболга йўналтириш керак. Менга маблағингиз керак эмас. Фақат рози бўлсангиз, бола билан яна қўшимча машғулотлар ташкиллаймиз, профессионал футбол селекционерларига тавсия қилмоқчимиз” дея суҳбатлашиши лозим.  Ёш иқтидорларни катта футболга олиб кириш қандай бўлади. Кўп нарса мураббийларимизга ҳам боғлиқдир.

photo_2017-10-07_12-13-58

Янги футбол мавсуми учун ажойиб бир лойиҳани амалга оширмоқчиман. Насиб қилса, бу жараён албатта муваффақитли чиқади. Бундан фақат Фарғона футболи ютиши мумкин. Туманларда юриб селекция бошладим. Биринчи манзилим Ўзбекистон тумани бўлди. Дастлаб стадионнинг ҳолати билан танишиб чиқдим. Сўнгра ўша ердаги футбол тўгараклари жамоалари ўртасидаги ўйинни тўлиқ томоша қилдим. 3 нафар футболчи менга жуда ёқди ва уларни рўйхатимга киритдим. Шу тарзда вилоятнинг кўплаб ҳудудларига сафар уюштириб, ҳозирги кунга келиб, менинг рўйхатимдаги ёш футболчиларнинг сони 70 тага етди. Бу жараённи Фарғона вилоят футбол федерацияси расман назоратига олган. Мазкур селекция жараёни нима учун? Бу иқтидорли футболчилар қишда вилоят  жамоаларининг кўригидан ўтишади. Агар мураббийларга маъқул келса, шартнома имзолашлари мумкин. Вилоят футбол федерацияси клубларнинг ички ишларига аралаша олмайди. Лекин мана шу ёшларни кўрикдан ўтиши учун шароит яратиб берамиз.

photo_2017-08-14_09-33-56

Ҳозирги кунда вилоят 2-лигасида ҳам қизғин мусобақалар давом этмоқда. Жамоаларга молиявий қийинчилик туғилмасин деб, Фарғона ва Қўқон ҳудудлари жамоаларини ажратиб қўйганмиз. Айни пайтда Фарғона вилояти 2-лигасида 22 та жамоа иштирок этиб келмоқда.

“Нефтчи” матбуот хизмати

 

© "Fcneftchi.uz". Барча ҳуқуқлар химоя қилинган. Хар қандай маълумотлардан фойдаланилганда, сайтга йўлланма берилиши шарт. Ишлаб чиқилган “Saflor”.