Салим Зокиров: “Биринчи лигада ҳамма жамоаларнинг кучи тенг”
07.06.2017
photo_2017-01-26_15-50-24

Ўзбекистон чемпионати 13-туридан ўрин олган баҳсда “Ёзёвон-Лочинлари” ўз майдонида “Ғаллаорол”ни йирик 6:1 ҳисобида мағлуб этди.

Бунгача жамоа кетма-кет олтита ўйиндан бери ғалаба қозона олмай келаётганди (бир дуранг, беш мағлубият). Бугун “Ёзёвон-Лочинлари” уйда “Зомин”ни қабул қилади. Мазкур учрашув арафасида клуб бош директори Салим Зокировни суҳбатга тортдик.

Жамоангиз кетма-кет 6та ғалабасиз ўйиндан сўнг ва ниҳоят ғалаба қозонди. Бу сизлар учун қанчалик қийин бўлди?

-“Ғаллаорол”га қарши учрашув албатта қийин ўтди. Сўнгги ўйинларда  мағлубиятга учраганимиздан сўнг футболчиларимизда ҳам ғалабага бўлган ишонч камайиб қолганди. Шунинг учун “Ғаллаорол” билан баҳсда анча қийинчиликка дуч келдик. Биринчи бўлимни 2:1 ҳисобида якунладик. Иккинчи бўлим бошида рақиб дарвозасини ишғол қилдик ва ғалабага бўлган иштиёқ ошди. Натижада 6:1 ҳисобида зафар қучдик.

Жамоангиз олдида “Ғаллаорол” шунчалик кучсиз кўриндими?

-“Ғаллаорол” шунчаки кучсиз кўринди деган фикрдан йироқман. Рақибимиз биринчи бўлимда биздан яхшироқ ўйин кўрсатди. Ўз дарвозамиздан тўп ўтказиб юборганимиздан сўнг футболчиларимиз хаяжонга тушиб қолишди. Лекин кетма-кет тўртта голдан сўнг улар мағлубиятни тан олишга мажбур бўлишди.

-“Зомин” билан ўйиндан қандай натижа кутяпсиз? 

-Бугун “Зомин”га қарши учрашувда ғалаба қозонишимиз керак. Бугун мағлубиятга учрасак биринчи лигада қолиш имкониятимиз янада пасайиб кетади. Шунинг учун бизни уч очкодан бошқаси қониқтирмайди. Биз учун иккинчи давра биринчи даврага қараганда қулай бўлади. Кўпчиликнинг хабари бор, стадионимиз бошқатдан таъмирланмоқда. Иккинчи даврани янги стадионда бошлаймиз. Биринчи лигада иштирок этаётган барча жамоалар деярли тенг. Биринчи ўриндаги ҳам охирги поғонадаги жамоа ҳам бир хил. Ҳеч бири кучли эмас. “Зомин”га қарши учрашувга барча футболчилар 100 фоиз тайёр.

Жаҳонгир Сотволдиев суҳбатлашди

 

© "Fcneftchi.uz". Барча ҳуқуқлар химоя қилинган. Хар қандай маълумотлардан фойдаланилганда, сайтга йўлланма берилиши шарт. Ишлаб чиқилган “Saflor”.