Филип Райевац – март ойининг энг яхши футболчиси
18.04.2017
photo_2017-04-08_06-28-52

Сhampionat.asia талқинига кўра март ойининг энг яхши футболчиси деб “Қўқон-1912” ҳужумчиси Филип Райевац тан олинди.

Чемпионатимизнинг дастлабки ойида “Қўқон-1912” жамоаси легионер ҳужумчиси Филип Райевац жуда ҳам фойдали ўйин намойиш эта олди.

Бу йил олий лигада дебютини ўтказаётган Райевац дастлабки 4та турда рақиблари дарвозасига учта гол уришга муваффақ бўлди. У фақат илк турда “Насаф”га қарши баҳсда гол ура олмади холос. Ўша баҳсда у захирадан ўйинга қўшилган эди.

Иккинчи турда қўқонликлар Тошкентда “Обод” меҳмони бўлишди. “Жар”да кечган учрашувда Филип Ўзбекистон чемпионатидаги ўзининг биринчи голини уришга муваффақ бўлди. Ўша куни Нўъмон Ҳасанов шогирдлари бир очко билан уйларига қайтишди.

Кейин “Қўқон-1912” ўз майдонида “Қизилқум”ни қабул қилди. Ўтган мавсум водий клубларининг барчасини сафарда мағлуб этиб кетган “Қизилқум”га қарши учрашув тақдирини айнан Райевацнинг киритган тўпи ҳал қилди – 1:0.

Фарғонада “Нефтчи” билан бўлган водий дербисида ҳам ҳужумчи ўзини кўрсата олди. Айнан у 19-дақиқада шериклари бошлаб берган ҳужумни самарали якунлаб ҳисобни очганди. Якунда “Қўқон-1912” ашаддий рақиби устидан 2:1 ҳисобида ғалабага эришиб қайтганди.

championat.asia талқинига кўра март ойининг энг яхши футболчиси деб “Қўқон-1912” ҳужумчиси Филип Райевац тан олинди.

Март ойида шунингдек “Насаф” ҳужумчиси Драган Черан, “Локомотив” вакили Марат Бикмаев, “Динамо” ярим ҳимоячиси Акмал Бозоров каби футболчилар ҳам лауреат бўлишга лойиқ ўйин намойиш этишди.

 

Манба: www.kokand1912.uz

© "Fcneftchi.uz". Барча ҳуқуқлар химоя қилинган. Хар қандай маълумотлардан фойдаланилганда, сайтга йўлланма берилиши шарт. Ишлаб чиқилган “Saflor”.